Тўхташ ёки тўхтаб туриш қоидасини бузганлик учун жарима камайтирилади
Жамият
−
12 Январь 2021
11294Ўзбекистонда қатор маъмурий қоидабузарликлар учун белгиланган жарималарнинг энг кўп миқдори чиқариб ташланяпти. Бу ҳақда бугун, 12 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракциясининг видеоконференц алоқа тарзида ўтган йиғилишида муҳокама қилинган “Йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасидаги айрим ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жазолар енгиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасида белгиланяпти.
Қуйи палата матбуот хизматининг маълум қилишича, қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш жараёнида фуқаролар, жамоатчилик вакиллари, автоулов ҳайдовчилари билан мулоқотлар ўтказилган.
Ўрганиш давомида кодексдаги йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасидаги айрим ҳуқуқбузарликларга нисбатан жарима миқдорини энг кам ва энг кўп миқдорини белгилаш давомида яъни, ҳуқуқбузарликни таснифлашда амалиётда коррупцион ҳолатларини келиб чиқишига имкон яратувчи мавҳум нормалар аниқланган.
Таклиф этилаётган қонун лойиҳасига кўра,“Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги кодекснинг бир қатор моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Жумладан, кодекснинг 54 (Эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш), 123 (Транспорт воситаларидан ахлат ёки бошқа нарсаларни ташлаб юбориш), 141 (Транспорт воситаларидан шахсий бойлик орттириш мақсадида фойдаланиш), 147-моддаларида (Йўлларга, йўл иншоотларига, йўл ҳаракатини тартибга солиб турувчи техник воситаларга шикаст етказиш, уларни сақлаш қоидаларини бузиш) назарда тутилган “энг кам” ва “энг кўп” миқдорда белгиланган жарималарнинг энг кам даражаси сақланиб, энг кўп даражаси чиқариб ташланяпти.
Шунингдек, кодекснинг 128-6-моддада белгиланган Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг тўхташ ёки тўхтаб туриш қоидаларини бузганлик учун жарима миқдори камайтирилиб, такроран содир этилган қоидабузарликлар учун жарима қўллаш нормалари чиқарилмоқда.
Депутатлар ушбу ҳужжатнинг қабул қилиниши келгусида йўл транспорт соҳасидаги қоидабузарлик учун жарималар белгилашда коррупцион ҳолатлар содир этилишини олдини олишга хизмат қилишини айтиб, қонун лойиҳасини маъқуллаган.
LiveБарчаси