Тўқаев янги Вазирлар Маҳкамаси тасдиқланмагунча амалдаги ҳукуматга ўз вазифаларини бажаришни топширди
Олам
−
29 Март 2023
4545Бугун, 29 март куни Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев республика ҳукуматига янги Вазирлар Маҳкамаси тасдиқланмагунча ўз вазифаларини бажаришни топширишди. Бу ҳақда мамлакат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.
“Қозоғистон Республикаси Ҳукумати Қозоғистон Республикаси Парламентининг янги сайланган Мажилиси олдида истеъфога чиққанлиги муносабати билан қарор қиламан: Қозоғистон Республикаси Ҳукумати ўз вазифаларини Қозоғистон Республикаси Ҳукуматининг янги таркиби тузилгунга қадар бажарсин”, дейилади Тўқаевнинг мазкур масаладаги фармонида.
Шунингдек, Тўқаев янги сайланган парламентнинг биринчи сессиясида чиқиш қилган ва Қозоғистон ҳукумати сиёсий тизимни ислоҳ қилиш йўлидан қатъий риоя қилиши кераклигини айтган.
“Ватанимиз тараққиётида ютуққа эришдик ва янги тарихий даврни очдик. Бироқ ўзгаришлар бу билан тугамайди. Бу узоқ йўлнинг бошланиши, холос. Сиёсий тизимни такомиллаштиришга қаратилган ислоҳотлар давом этади. Ҳар қандай ҳолатда ҳам танлаган йўлдан қайтмаслик керак”, деган Қозоғистон раҳбари.
Унинг сўзларига кўра, қонун устуворлиги, халқ бирлиги, ижтимоий адолат ва ички сиёсий барқарорлик каби фундаментал қадриятларни эътиборда ушлаб, ислоҳотларни давом эттириш зарур. Тўқаев Қозоғистон олдида муҳим вазифа – ҳар томонлама модернизация суръатларини жадаллаштириш ва ижтимоий-иқтисодий ривожланишда муваффақият қозониш турганини эълон қилган.
“Мамлакатимиз узоқ вақтдан бери қулай ташқи вазиятга таяниб келган. Биз турли концепция ва дастурларга, хаёлий муваффақиятлар ҳақидаги узундан узун ҳисоботларга ишонардик. Лекин энг муҳим, асосий нарсаларга эътибор берилмай қолди: фуқароларнинг турмуш даражаси пастлиги, ҳуқуқий адолатсизлик содир бўлиши, бойлар ва камбағаллар ўртасидаги фарқ ўсиб бориши ҳамон сақланиб қолмоқда. Келгуси беш йил ичида ҳукумат ва депутатлар олдида ана шу асосий муаммоларни ҳал қилиш вазифаси турибди”, деган Тўқаев.
Шунингдек, Қозоғистон раҳбари ҳукумат мамлакат иқтисодиётининг ишлаш қоидалари ва тамойилларини ўзгартириши зарурлигини маълум қилган. Бундан ташқари, у мамлакатнинг жадал ривожланишини таъминлаш учун юқори сифатли қонунчилик базасини шакллантириш кераклигини ҳам қайд этган.
“Бунинг учун иқтисодиёт қоидалари ва тамойилларини ўзгартириш зарур бўлади. Бу йўналишда дастлабки қадамлар аллақачон қўйилган – монополиядан чиқариш ва мамлакатдан ноқонуний олиб чиқилган капитални қайтариш бўйича ишлар олиб борилмоқда”, деган Президент Тўқаев.
Бундан ташқари, Қозоғистон раҳбари парламентнинг янги таркиби мафкуравий қарашларнинг бутун спектрини акс эттиришини, чунки биринчи марта узоқ вақтдан бери мухолифатда бўлган партия парламентга киритилганини қайд этган. Бунга эса кенг кўламли сиёсий ислоҳотлар ва партияларни рўйхатга олишни тартибга солувчи қонунчиликни либераллаштириш туфайли эришилганини эслатган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 19 март куни Қозоғистонда парламент қуйи палатаси депутатлари сайлови бўлиб ўтганди. Унинг натижаларига кўра, “Аманат” партияси 53,90 фоиз овоз билан 40 мандат, “Овул” партияси 10,9 фоиз овоз билан 8 та мандат, “Республика” партияси 8,59 фоиз билан 6 мандат; “Оқ йўл” (Ак Жол) партияси 8,41 фоиз овоз билан 6 мандат, Қозоғистон Халқ партияси 6,8 фоиз овоз билан 5 мандат, Миллий социал-демократик партия 5,2 фоиз овоз билан 4 та мандат олган эди.