Тўқаев туркий давлатлар парламент спикерлари билан учрашди (видео)
Олам
−
12 Июнь 2397 2 дақиқа
Бугун, 12 июнь куни Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Туркий тилли давлатлар парламент ассамблеяси (ТуркПА) аъзоси бўлган мамлакатларнинг парламент спикерлари билан йиғилиш ўтказди. Тадбирда Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси спикери Нуриддин Исмоилов ҳам қатнашди. Бу ҳақда Қозоғистон раҳбарининг ахборот хизмати хабар берди.
Тўқаев Парламент ассамблеясини муҳим сиёсий тузилма сифатида баҳолаб, Қозоғистон бу ташкилотни тўлиқ қўллаб-қувватлашини билдирган. У ўн йил давомида Сенат раиси сифатида фаолият юритгани, парламентлараро ҳамкорликни ривожлантиришда иштирок этганини эслатиб ўтган. Унинг айтишича, ассамблея фаолияти туфайли туркий халқлар бирдамлиги йилдан-йилга мустаҳкамланмоқда, бу эса бутун туркий дунёнинг халқаро нуфуз ва таъсирини оширишга хизмат қилмоқда.
Президент Қозоғистоннинг Туркий давлатлар ташкилотининг асосчиларидан бири эканини эслатган. Унинг фикрича, ташкилот аъзолари иқтисодий, маданий ва гуманитар ривожланишда муҳим ўрин тутмоқда ва бу салоҳият умумий мақсадларга эришиш учун фойдаланилиши лозим.
Президент, шунингдек, Қозоғистонда амалга оширилаётган сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар ҳақида ҳам ахборот берган. Конституцияга киритилган ўзгартиришлар асосида янги тизим жорий этилгани, Президент ваколати етти йил билан чекланганини маълум қилган. Учрашув якунида Тўқаев бу учрашув туркий мамлакатлар бирлиги ва ҳамкорлиги мустаҳкамланаётганининг яна бир исботи эканини қайд этган.
“Ҳамжиҳатликда биз бу нотинч даврни енгиб ўтамиз ва иқтисодиётларимиз ривожига катта туртки берамиз”, дея хулоса қилган Қозоғистон раҳбари.
Маълумот учун, ТуркПА – туркий халқлар ўртасида парламентлараро ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида ташкил этилган халқаро ташкилот бўлиб, 2008 йилда тузилган ва бош қароргоҳи Озарбайжоннинг Баку шаҳрида жойлашган. Ассамблея туркий давлатларнинг сиёсий, иқтисодий, маданий ва гуманитар соҳалардаги ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, парламентлар ўртасида тажриба алмашиш, қонунчилик жараёнида ўзаро маслаҳатлашув ва туркий интеграцияни чуқурлаштиришга хизмат қилади. ТуркПАга Қозоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистон, Озарбайжон ва Туркия тўлиқ аъзо, бундан ташқари, Венгрия ва Туркманистон кузатувчи мақомида иштирок этади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 21 май куни Венриянинг Будапешт шаҳрида бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) давлат ва ҳукумат раҳбарларининг норасмий саммити бўйича эълон қилинган қўшма баёнотда ТДТга аъзо давлатлар раҳбарлари Афғонистон фуқароларининг барча асосий ҳуқуқларини фарқларсиз тиклаш ва таъминлаш орқали инсон ҳуқуқларига ҳурмат кўрсатишга чақирганди.
Live
Барчаси