Тўқаев Президентликни уддалаяптими? Қозоғистонликлар унинг ишига баҳо берди

Олам

image

Қозоғистонда ўтказилган социологик сўровнома иштирокчиларининг 70 фоиздан ортиғи республика Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев фаолиятига ижобий муносабатда. Бу ҳақда Қозоғистон Президенти ҳузуридаги Марказий коммуникациялар хизматининг бугун, 11 апрель куни чоп этилган социологик тадқиқотида айтилади.  

“Қозоғистон Президенти ҳузуридаги Марказий коммуникациялар хизмати жорий йилнинг март ойида қозоғистонликларнинг ижтимоий кайфиятини таҳлил қилиш бўйича социологик тадқиқот ўтказди. Сўровнома натижаларига кўра, иштирокчиларнинг 70 фоиздан ортиғи Президент Қосим-Жомарт Тўқаев фаолиятига ижобий муносабатда экани маълум бўлди”, дейилади хабарда. 

Аксарият респондентларнинг (42,1 фоиз) фикрича, Президент биринчи навбатда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга эътибор қаратиши зарур. Шу билан бирга, респондентларнинг 41,4 фоизи иш ҳақи, пенсия ва нафақалар миқдори оширилишидан ташвишда. 

“Сўровномада қатнашганларнинг 35,3 фоизи фуқаролар хавфсизлиги таъминланиши тарафдори. 32,5 фоизи халқаро алоқалар мустаҳкамланишидан хавотирда. Респондентларнинг тўртдан бир қисмидан бироз кўпроғи (26,3 фоиз) Президентдан коррупцияга қарши курашга эътиборни кучайтиришни истайди”, дейилган хабарда. 

Шу билан бирга, респондентларнинг ярмидан кўпи (51 фоиз) Қозоғистонда ҳаёт яхшиланишига умидларини бевосита мамлакат Президенти билан боғлайди. Иштирокчиларнинг 20,5 фоизи ҳукуматдан, 15 фоизи маҳаллий ижро органларидан, 14,1 фоизи парламентдан умид боғлаган. 

Социологик тадқиқот 2022 йилнинг 15-24 март кунлари ўтказилган. 18 дан 50 ёшгача бўлган 1 863 респондент — интернет фойдаланувчилари билан суҳбат ўтказилган. Сўровнома Нур-Султон, Олма-Ота, Чимкент ва мамлакатнинг 14 вилоятида ўтказилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Қозоғистон Тўқаев

Баҳолаганлар

202

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made