Тўқаев президент ваколати тўхтатилганда сайлов қачон ўтказилишини айтди
Олам
−
20 Январь 4046 1 дақиқа
Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев давлат раҳбарининг ваколатлари муддатидан олдин тўхтатилган тақдирда, янги Президент сайлови икки ой ичида ўтказилиши кераклигини конституцияга киритишни таклиф қилди. Бу ҳақда у бугун, 20 январь куни Қизилўрдада бўлиб ўтган Миллий қурултойнинг V йиғилишидаги чиқиши чоғида айтиб ўтди.
Унинг сўзларига кўра, асосий қонуннинг амалдаги таҳририда Президент ваколатлари муддатидан олдин тугатилган тақдирда, давлат бошқаруви қолган муддатга парламент Сенати (юқори палатаси) раисига ўтади.
“Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, қолган муддатга формулировкаси асосий ҳисобланади. Бошқача айтганда, қолган муддат олти ой ҳам, олти йил ҳам бўлиши мумкин. Шунинг учун асосий қонунда давлат раҳбарининг ваколатлари муддатидан илгари тугатилган тақдирда, президентнинг навбатдан ташқари сайлови икки ой ичида ўтказилиши тўғрисидаги нормани аниқ белгилаб қўйиш керак”, дейди Тўқаев.
Шунингдек, у аввалроқ Қозоғистонда вице-президент лавозимини жорий этиш зарурлиги ҳақида гапирган эди. Унинг қайд этишича, уни давлат раҳбари парламент билан келишилган ҳолда тайинлайди. Шу билан бирга, президент ваколатлари муддатидан олдин тугатилган тақдирда вице-президент давлат раҳбари вазифасини бажариши ёки бажармаслиги аниқлаштирилмаган, бироқ Тўқаев бундай лавозимнинг жорий этилиши ҳокимият иерархиясига нисбатан якуний аниқлик киритишини билдирди.