Тўқаев Президент сайловида қайси ташкилот номидан қатнашишини айтди

Олам

image

Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев президентлик сайловларида ижтимоий-сиёсий кучларнинг кенг коалициясидан иштирок этишни режалаштираётганини айтди. Бу ҳақда “Tengrinews” нашри хабар берди.

“Президент сайлови эълон қилинганидан кейин тайёргарлик кўриш учун етарлича вақт ўтди. Бугун сайловолди ташвиқоти авжига чиққанига гувоҳ бўлмоқдамиз. Номзодлар кўрсатилмоқда, партиялар, ижтимоий ҳаракатлар фаол. Ички сиёсий майдонда жонланиш кузатилмоқда”, дейди Тўқаев Павлодар вилояти жамоатчилиги билан учрашувда.

Унинг сўзларига кўра, мамлакат барча асосий сиёсий институтларнинг қайта ишга тушишини таъминлайдиган янги сайлов даврига кирди.

“Маълумки, мен мамлакатдаги энг йирик “Аманат” партияси раислигидан истеъфога чиқдим. Конституциявий ислоҳот натижасида Президент ўз ваколати даврида партия аъзоси бўлиш тақиқланди. Бўлажак сайловларда қайси бирлашмадан қатнашаман? Кўряпманки жамиятда бу савол алоҳида қизиқиш уйғотмоқда. Очиғини айтсам, турли республика бирлашмалари ва партияларидан уларга номзод бўлишим учун таклиф тушмоқда. Айниқса, ёшлар ва бошқа жамоат ташкилотлари ташаббус кўрсатаётгани мени қувонтирди”, дея қўшимча қилган давлат раҳбари.

Унинг таъкидлашича, Тўқаев сайловга бирон-бир аниқ ташкилотдан эмас, балки мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ижтимоий асосини ташкил этувчи ижтимоий-сиёсий кучларнинг кенг коалициясидан чиқиши тўғри бўлади.

“Бу ҳам давлат раҳбарининг турли партия ва бирлашмалардан тенг масофада туриши тамойилини тасдиқлаш имконини беради. Сайловолди ташвиқотининг қонун ҳужжатларига қатъий риоя этган ҳолда ўтказилишини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга. Мен давлат раҳбари сифатида Президент сайлови адолатли, очиқ ўтишига кафолат бераман”, дейди Президент.

Эслатиб ўтамиз, Қосим-Жомарт Тўқаев 17 сентябрь куни Конституцияга киритилган тузатишларни маъқуллади. Унинг ўзи президентлик сайловларини шу йилнинг кузида ўтказишни таклиф қилди. Сайлов 20 ноябрь куни бўлиб ўтади.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

81

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг