Тўқаев парламентни бир палатали қилиш таклифини изоҳлади
Олам
−
11 Сентябрь 2830 3 дақиқа
Аввалроқ Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев халқига қилган мурожаатида мамлакат парламентини бир палатали қилиш ва Сенатни тугатиш таклифи билан чиққани ҳақида хабар берилганди. Қозоғистон Президенти мазкур таклифи юзасидан илк бор изоҳ берди. Бу ҳақда у бугун, 11 сентябрь куни “Тинчлик ва келажак ҳуқуқ орқали” номли халқаро конституциявий адолат форумида сўз очди.
Қайд этилишича, Президент форум иштирокчилари билан учрашган. Унда Венеция комиссияси президенти Клэр Бази Малори, БАА Федерал олий суди раиси Муҳаммад Ҳамад Муҳаммад ал-Бади ал-Захрий, Африка конституциявий юрисдикция органлари конференцияси раиси Люк Малаба, Мўғулистон Конституциявий суди раиси Баясгалан Гунгаа қатнашган.
Қосим-Жомарт Тўқаев иштирокчиларга Қозоғистон халқига йўллаган мурожаатининг мазмуни ҳақида гапириб берган.
“Унда бизнинг модернизация, инновациялар, барқарор ривожланиш, Қозоғистоннинг глобал майдондаги позициясини мустаҳкамлаш ва халқаро ҳамкорлик учун янги имкониятларни илгари суриш борасидаги қатъийлигимиз акс этган. Мен учун бу устувор йўналишларнинг хорижий ҳамкорларимиз томонидан аниқ тушунилиши жуда муҳим. Асосий мақсад – Қозоғистонни технологик жиҳатдан илғор давлатга айлантиришдир. Шу сабабли, сунъий интеллектдан кенг фойдаланиш ва тўлиқ рақамлаштириш янги миллий ғоя бўлиб қолди”, дейди у.
Қозоғистон етакчиси парламент тизимини ислоҳ қилиш юзасидан таклифини алоҳида изоҳлаган.
“Мен очиқ гапираман. Ислоҳотнинг моҳияти сиёсий тизимимизнинг институционал базасини янада мустаҳкамлашдан иборат. Парламентар республикани жорий этиш масаласи кун тартибида эмас. Бизнинг асосий моделимизда “Кучли президент – таъсирчан парламент – ҳисобдор ҳукумат” аввалгидек сақланиб қолади.
Миллий референдум ўтказиш таклифи ҳам ушбу принципнинг узлуксизлигини яна бир бор кўрсатмоқда. Мамлакат келажагига тааллуқли масалаларда фақат умумий қарорлар қабул қилишимиз керак. Шу боис мен доимо сиёсий режаларимни олдиндан эълон қиламан. Бу аввалги йиллардаги ислоҳотларга ҳам, АЭС қурилиши бўйича референдумга ҳам тааллуқли эди”, дейди Президент.
Ўз навбатида, Венеция комиссияси президенти Клэр Бази Малори Қозоғистоннинг Европа Кенгашининг муҳим ҳамкори сифатида турли конвенцияларда фаол иштирок этишини ва қонун устуворлигини кучайтиришга қаратилган самарали институционал ислоҳотлар ўтказаётганини қайд этган.
Якунда Тўқаев Қозоғистон конституциявий назорат органлари ўртасида ҳамкорлик давом этишига умид билдирган ва форум ишига муваффақият тилаган.
Маълумот учун, Қозоғистон Сенати мамлакатнинг ҳар бир вилоятидан, шунингдек, республика аҳамиятига молик шаҳарлар ва пойтахтдан икки нафардан аъзодан иборат бўлиб, 10 нафар аъзо Президент томонидан, беш нафари Қозоғистон халқи Ассамблеясининг таклифига кўра тайинланади. Сенат аъзоларининг ярми ҳар уч йилда қайта сайланади, умумий ваколат муддати олти йил.
Сенат раиси президентдан кейинги иккинчи шахс – агар давлат раҳбари ўз ваколатларини амалга ошира олмаса, вазифалар парламент юқори палатаси раҳбарига ўтади. 2019 йилда президент Нурсултон Назарбоев истеъфога чиққанидан кейин давлат раҳбарининг ваколатлари шу тариқа Тўқаевга ўтган. Ҳозирда Сенат раиси Маулен Ашимбаев ҳисобланади.
Қозоғистонда парламентнинг қуйи палатаси – Мажлис ҳам бор. Мажлисда 98 депутат бор, улардан 60 нафари партия рўйхати бўйича, яна 29 нафари бир мандатли сайлов округлари бўйича умумий яширин овоз бериш йўли билан сайланади. Мажлис раиси – Эрлан Кошанов.
Эслатиб ўтамиз, Тўқаев республикада икки палатали парламентдан бир палатали парламентга ўтиш учун парламент ислоҳотини ўтказишни таклиф қилгани ҳақида хабар берилганди. Бу масала 2027 йилда бўлиб ўтиши мумкин бўлган конституцияни ўзгартириш бўйича референдумга қўйилиши керак. У бу масалани ҳал қилиш учун референдум ўтказилишини қўшимча қилган.
Тўқаев агар ислоҳот тасдиқланса, бундай парламент партия рўйхати бўйича сайланиши кераклигини таъкидлаган. У ислоҳотлар жараёни давом этаётганини қўшимча қилиб, шунингдек, ўзи ҳам аввалроқ парламент Сенати (юқори палатаси) раиси бўлганини ва бундай ўзгаришлар ҳақида гапириш унга осон эмаслигини эслатган.