Тўқаев Назарбоев даврида бойиганлардан пулларини халқ билан бўлишишни талаб қилди

Олам 8245
image

Бугун, 11 январь куни Қозоғистон Президенти ва Хавфсизлик кенгаши раиси Қосим-Жомарт Тўқаев парламентда йўллаган видеомурожаатида мамлакат аҳолисининг муҳим муаммоларини ҳал этиш учун ижтимоий жамғарма ташкил этилишини эълон қилиб, олигархлардан унга пул ажратишни талаб қилди. 

Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, Қозоғистоннинг Биринчи Президенти Нурсултон Назарбоев даврида кўпчилик бойиган ва улар жамғармаларга пул ўтказиб туради. 

“Қозоғистоннинг Биринчи Президенти туфайли мамлакатда сердаромад компаниялар пайдо бўлди, бойлар кўпайди ва биз уларнинг ҳар бирини яхши таниймиз. Улар ҳар йили мазкур жамғармага маблағ ўтказиб туришади”, деди Тўқаев.

Президентга кўра, жамғарма "Қозоғистон халқига" деб номланади. У соғлиқни сақлаш, таълим, ижтимоий қўллаб-қувватлаш соҳасидаги муаммолар билан шуғулланади. 

“Сояда қолаётганлардан ҳам жамғармани бойитишда фаол иштирок этишларини сўрайман ва буни кутиб қоламан. Биргаликда Янги Қозоғистонни барпо этамиз!”, деди Тўқаев.

Эслатиб ўтамиз, Қозоғистонда вазир, депутат ва ҳокимларнинг маоши беш йилгача оширилмайди.

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 432
Рейтинг: 2.9
t
×