Тўқаев BRICS саммитида қатнашади

Олам

image

Эртага, 24 август куни Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев видеоалоқа орқали Йоханнесбургда бўлиб ўтадиган BRICS’нинг XV саммитида (Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой, Жанубий Африка Республикаси) иштирок этади. Бу ҳақда Қозоғистон раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди.

“Давлат раҳбари Қосим-Жомарт Тўқаев 2023 йил 24 август куни Йоханнесбург шаҳрида бўлиб ўтадиган BRICS’га аъзо давлатлар XV саммити доирасида бўлиб ўтадиган “BRICS Plus” форматидаги Давлат раҳбарлари мулоқоти йиғилишида видеоконференцалоқа орқали иштирок этади”, дейилади хабарда. 
Қайд этилишича, ЖАР Президенти Сирил Рамафосанинг таклифига биноан Қозоғистон раҳбари йиғилишда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг амалдаги раиси сифатида сўзга чиқади.

Маълумот учун, BRICS саммити 22-24 август кунлари Йоханнесбургда бўлиб ўтмоқда ва у сўнгги йиллардаги Глобал Жануб давлат ва ҳукумат раҳбарларининг энг йирик учрашуви бўлади. Таклиф этилганлар орасида Африканинг 54 та давлати раҳбарлари ҳам бор.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Жанубий Африка Республикаси Ташқи ишлар ва ҳамкорлик вазири Наледи Пандор 23 давлат, жумладан, Қозоғистон ҳам BRICS’га қўшилиш учун расмий ариза топширганини билдирганди. Шундан сўнг Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Айбек Смадияров Остона BRICS давлатлари билан ҳамкорлик қилишдан манфаатдорлиги, бироқ республика ушбу ташкилотнинг тўлиқ аъзоси мақомини олиши ҳақида гапиришга ҳали эрта эканини айтди.


Мақола муаллифи

Теглар

Қозоғистон Қосим-Жомарт Тўқаев BRICS

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг