Тўқаев 70 ёшда. У мамлакат тепасига қандай келган? (фоторепортаж)
Олам
−
17 Май 2023
13914Бугун, 17 май куни Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев 70 ёшга тўлди. Шу муносабат билан Оммавий ахборот воситаларида унинг ноёб архив фотосуратлари эълон қилинди.
Бир неча кун олдин Президент матбуот котиби Руслан Желдибай мамлакатда Тўқаевнинг 70 йиллиги муносабати билан ҳеч қандай байрам тадбирлари ўтказиш режалаштирилмаганини айтган эди.
“Бу Президентнинг принципиал позицияси. Давлатимиз раҳбари 17 майни одатдаги иш режимида ўтказади. Қозоғистонда туғилган кун муносабати билан ёки Хитойга ташриф доирасида ҳеч қандай тадбир бўлмайди”, деган эди Желдибай.
Шунингдек, аввалроқ Тўқаев бу кунни нишонлашни ёқтирмаслигини унинг матбуот котиби Берик Уали ҳам айтган эди.
“Президент оиласида бундай анъана йўқ, фарзандларининг ҳам, ота-оналарнинг ҳам туғилган кунини нишонлаш одат тусига кирмаган”, деган у.
Тўқаевнинг биографиясига юзланадиган бўлсак, у 1953 йил 17 майда Олмаота шаҳрида туғилган. У ноодатий қўш исмга эга. У ўзининг “Ота ҳақида сўз” китобида айтганидек, амакисининг шарафига Қосим исмини олган, онаси эса унга Жомарт деб исм қўйган. Қосим-Жомарт исми “тақсимловчи” ва “олийжаноб” маъноларини билдиради.
Отаси Кемел Тўқаев (1923-1986), Улуғ Ватан уруши қатнашчиси, таниқли ёзувчи, қозоқ адабиётида детектив-саргузашт жанрининг асосчиси бўлган. Онаси Турар Шабарбоева (1931-2000) Олмаота чет тиллар педагогика институтида ишлаган.
Тўқаев Илёс Есенберлин номидаги 25-сонли гимназияни тамомлаган. 1975 йилда Москва давлат халқаро алоқалар институтини тугатган ва Собиқ Иттифоқнинг Хитойдаги элчихонасида битирув олди амалиётини ўтаган.
1975-1979 йиллар оралиғида Собиқ Иттифоқнинг Сингапурдаги элчихонаси ходими бўлиб ишлаган. 1979 йилда Собиқ Иттифоқ Ташқи ишлар вазирлиги аппаратига қайтган. 1984-1985 йилларда Собиқ Иттифоқ Ташқи ишлар вазирлигида турли лавозимларда ишлаган, кейин Хитойдаги Совет элчихонасида 1991 йилгача иккинчи котиб, биринчи котиб ва маслаҳатчи лавозимларида ишлаган.
1992-1994 йилларда Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари;
1994-1999 – Ташқи ишлар вазири;
1999-1999 – Бош вазир ўринбосари;
1999-2002 – Бош вазир;
2002-2007 – Ташқи ишлар вазири;
2007-2011 – Сенат раиси;
2011-2013 – Бирлашган Миллатлат Ташкилотининг бош котибининг ўринбосари – Женевадаги ваколатхонаси раҳбари;
2013-2019 – Сенат раиси лавозимларида фаолият олиб борган.
2019 йил 20 март куни мамлакатнинг собиқ раҳбари Нурсултон Назарбоев ҳокимиятдан воз кечишини эълон қилди ва Тўқаевни Президент вазифасини вақтинча бажарувчи сифатида тавсия қилди. Ўша йилнинг 10 июнь куни бўлиб ўтган навбатдан ташқари президентлик сайловларида Қосим-Жомарт Кемелевич ғалаба қозонди ва мамлакат Президенти этиб сайланди.
Қозоғистон раҳбари қозоқ, рус, инглиз, хитой ва франтсуз тилларини билади. Тўқаев дипломатик унвонга (Фавқулодда ва мухтор элчи) ва илмий даражага (сиёсий фанлар доктори) эга. Шунингдек, у халқаро муносабатларга оид қатор асарлар муаллифи, турли мамлакатлар университетлари, жумладан, Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазирлиги Дипломатик академияси ва Хитойнинг Шенчжен университетининг фахрий профессори ҳисобланади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь