Тугатилган Тоғли Қорабоғнинг уч собиқ президенти қўлга олинди
Олам
−
04 Октябрь 2023
6527Озарбайжон Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари тан олинмаган ва тугатилган Тоғли Қорабоғ Республикасининг собиқ президентлари – Аркадий Гукасян, Бако Саакян ва Араик Арутюнянни қўлга олди. Бу ҳақда Озарбайжоннинг APA агентлиги хабар берди.
Улар билан бирга республика парламентининг собиқ спикери Давид Ишханян ҳам ҳибсга олинган. Собиқ президентлар ва спикер уларга нисбатан қўзғатилган жиноят ишлари доирасида Бакуга олиб келинган. Агентлик тергов қайси моддалар бўйича олиб борилаётганига аниқлик киритмаган.
Аркадий Гукасян тан олинмаган Тоғли Қорабоғ Республикасининг иккинчи президенти бўлиб, уни 1997 йилдан 2007 йилгача бошқарган. Учинчи президент Бако Саакян 2007 йилдан 2020 йилгача тан олинмаган республикани бошқарган.
Арайик Арутюнян тан олинмаган Тоғли Қорабоғни 2020 йилнинг майидан 2023 йилнинг 1 сентябрига қадар бошқарган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Озарбайжон чегарачилари тан олинмаган Тоғли Қорабоғ Республикаси ҳукуматининг собиқ раҳбари Рубен Варданянни Арманистон ҳудудига ўтмоқчи бўлган вақтида қўлга олганди.
Бундан ташқари, Озарбайжон ҳуқуқ-тартибот идоралари собиқ ташқи ишлар вазири ва тан олинмаган Тоғли Қорабоғ раҳбари маслаҳатчиси Давид Бабаянни ҳам қўлга олиб, терговга топширганди.
Жорий йилнинг 19 сентябрига ўтар кечаси Қорабоғда Арманистон Қуролли кучларининг қўпорувчи-диверсив гуруҳи томонидан ўрнатилган танкка қарши мина портлаб кетиши ортидан олти нафар озарбайжонлик ҳалок бўлганди. Ўша куни Баку “маҳаллий аксилтеррор чоралари” бошланганини эълон қилди ва арман ҳарбийларини минтақадан олиб чиқиб кетишни талаб қилди. Ереван Қорабоғда арман Қуролли кучлари йўқлигини таъкидлаб, содир бўлаётган воқеаларни “кенг кўламли тажовуз” деб атади. 20 сентябрь куни Озарбайжон Мудофаа вазирлиги Қорабоғда аксилтеррор тадбирларини тўхтатиш бўйича келишувга эришилганини маълум қилди. 28 сентябрь куни халқаро ҳамжамият томонидан тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси унинг раҳбари Самвел Шаҳраманян томонидан имзоланган фармон билан тугатилди.
Шундан сўнг, Арманистон Қорабоғдаги арманларга нисбатан ирқий камситишлар айблови билан Озарбайжонга қарши Гаага халқаро арбитраж судига даъво аризаси киритди. Озарбайжон томони мазкур ҳолатга изоҳ бериб, даъвонинг асоссиз ва бемаъни эканини билдирди. 29 сентябрь куни Озарбайжон БМТ миссиясини Қорабоғга таклиф қилди ва БМТ делегацияси тан олинмаган ва тугатилган Тоғли Қорабоғга борди.
LiveБарчаси