Тугатилган давлат органлари бинолари талабалар ётоқхонасига айлантириладими?
Жамият
−
29 Декабрь 2022
8280Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига кўра, 2023 йил 1 январдан бир қанча давлат бошқаруви органлари вазифа ва функциялари тегишли вазирлик ва идораларга ўтказилган ҳолда тугатилади.
Тугатилган ёки қисқартирилаётган давлат органларининг бинолари эса аукцион савдоларига қўйилиши, уларнинг сотилишидан келиб тушган маблағлар эса ижтимоий соҳаларга йўналтирилиши айтилмоқда.
Бироқ, ижтимоий тармоқ фаоллари ва кенг жамоатчилик ушбу биноларнинг талабалар ётоқхоналарига, мактаб, университет ёки шифохоналарга айлантиришни таклиф қилмоқда. Уларнинг таклифи қай даражада қаноатлантирилиши мумкин? Айнан мана шу савол билан QALAMPIR.UZ журналисти Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтган матбуот анжумани давомида масъулларга юзланди.
“Жуда ҳам яхши таклиф! Ўзи аслида “яшаш стандарти” деган тизим жорий қилишимиз керак. Маҳалада, аҳоли пунктларида нималар бўлиши керак? Етмаётган нарса бўлса, биринчи ўринда давлат ижтимоий объектларга эътибор қаратиши керак. Бунда албатта, бинонининг мосланган, мосланмаганини ўрганиш керак. Чунки эртага биз қайсидан корхонани шифохонага ёки маъмурий бинони мактабга айлантиролмаслигимиз мумкин. Агар имкони бўлса, айлантирилади. Йўқса, ортиқчаси сотилади. Сотилгани ҳам бу зарар дегани эмас, у эртага бизнесга ишлайди, ишлаб чиқариш бўлади, иш ўрни яратилади. Шунинг учун ҳар биттасига индивидуал ёндашиш керак”, дея саволга жавоб берди Адлия вазири Акбар Тошқулов.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари Сарвархон Бузрукхонов янги талабалар турар жойларини қуриш учун Тошкентда ер етишмаслиги ҳақида айтган эди.
LiveБарчаси