Ётоқхоналар қуриш учун Тошкентда ер етишмайди

Таҳлил 3993

Тошкентда янги ётоқхоналарнинг кам қурилаётганига пойтахтда бўш ер озлиги сабаб бўлмоқда. Бу ҳақида Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари  Сарвархон Бузрукхонов АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди.

“Ҳар бир давлат пойтахтида бўлгани каби Тошкентда ҳам ер муаммоси бор. Ишлаб чиқариш ўрни, талабалар сони кенгайиб боргани сабаб, ер борган сари муаммо бўляпти”, дейди Бузрукхонов.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 9 сентябрдаги 563-сон қарорига мувофиқ 2022-2025 йилларда давлат-хусусий шериклик асосида 85 та олий таълим муассасаларида жами 91,2 минг ўринли 228 та талабалар турар жойлари барпо этиш белгиланди. Қарорга кўра, Тошкент шаҳрида 2022 йилнинг охиригача 11 та ТТЖлар қурилиши керак эди. Бироқ, 2022 йилнинг 9 ойи ичида фақатгина битта янги ётоқхона қурилган, холос. 

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги раҳбарияти вазирлик қолган уч ой ичида қарор талабларини тўлиқ бажаришга улгурадими, деган саволга ҳам жавоб бериб ўтди.

“Биз бу йилги жами 4400 ўринли 11 та ётоқхонани фойдаланишга топшира олмаймиз. Чунки Давлат хусусий шерикчилиги асосида тадбиркорлар келиши керак эди, лекин бундай бўлмади. Кейин Президент қарори билан давлат-хусусий шериклик асосидаги лойиҳаларнинг жозибадорлигини ошириш мақсадида тадбиркорларга мулкка эгалик ҳуқуқининг 22%и берилди. Натижада ўтган йили сентябрь ойидан май ойигача бирорта тадбиркордан таклиф тушмаган бўлса, майдан кейин 38 та тадбиркордан ташаббус билдирилди”, дея жавоб берди вазир ўринбосари.

Унинг қўшимча қилишича, жараёнлар кечиккани учун ҳам бу йилги 11 та ётоқхона қуриш талабини бажаришда кечикиш бўлади.

Вазир Абдуқодир Тошқулов эса ўринбосарининг гапини тўлдирар экан, Вазирлар Маҳкамаси қарори ижроси барибир таъминланишига ваъда берди.

“Йил охиригача ўша 11 та ётоқхонанинг 50%и қуриб битказилади. 50 %ига жойлашадиган талабаларимизга эса биз бошқа йўллар билан касб-ҳунар мактабларидаги ётоқхоналардан фойдаланиб, ички имкониятлардан келиб чиқиб, жой топиб берамиз”, дейди Абдуқодир Тошқулов.

Шунингдек, вазир баъзи ётоқхоналарда талабалар турмайдиган хоналар кўплиги боис уларни қисқартириб, хонага айлантириш бўйича топшириқ берган. Айрим ётоқхоналарнинг тадбиркорларга бериб юборилган биринчи қаватини ҳам қайтариб олиб, уларни ҳам талабалар яшаши учун қулай жойга айлантириш режа қилинганини маълум қилди.

Маълумот ўрнида, Тошкент шаҳрида таҳсил олувчи, ётоқхонага эҳтиёжи бор талабаларнинг ярмига ҳам Талабалар турар жойларида жой етишмайди.

Бугунги кунда Тошкент шаҳрида кундузги таълим йўналиши бўйича жами 157 мингдан ортиқ талаба ўқийди. Уларнинг кўп қисми бошқа вилоятдан бўлгани учун 82 минг 892 нафар талабанинг ётоқхонага эҳтиёжи бор. Лекин пойтахтдаги талабалар турар жойларининг қуввати фақат 35 минг 639 нафарга етади. Бундан келиб чиқадики, Тошкент шаҳридаги ётоқхоналар эҳтиёжнинг 43 фоизини қондира олади, холос. 

Ҳозирча талабаларнинг 28 минг 148 нафари ётоқхоналарга жойлашиш имкониятини қўлга киритган.

Ҳулкар Муртазоева

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 42
Рейтинг: 3
t
×