Цукерберг Байден маъмуриятини Meta'га босим ўтказишда айблади
Олам
−
12:42
877АҚШ Президенти Жо Байден маъмурияти коронавирус пандемияси даврида цензурани жорий этиш мақсадида Meta компаниясига босим ўтказган. Бу ҳақда Facebook, Instagram ва WhatsApp ижтимоий тармоқлари эгаси, Meta асосчиси ва бош директори Марк Цукерберг подкастида айтиб ўтди.
IT корпорацияси раҳбарининг айтишича, Байден маъмурияти коронавирусга қарши эмлаш кампанияси билан боғлиқ постларни цензура қилишни талаб қилган.
"Байден маъмуриятидан одамлар бизнинг жамоамизга қўнғироқ қилишди, бақиришди ва баҳслашишди", деди миллиардер.
Цукербергнинг сўзларига кўра, компанияда Оқ уй вакиллари билан телефон суҳбатлари ёзувлари йўқ, бироқ электрон почта хабарлари сақланиб қолган.
“Улар бизга тўғри ва ҳақиқатни акс эттирган контентни олиб ташлашимиз учун катта босим ўтказишди. Мухтасар қилиб айтганда, улар ножўя таъсир кўрсатадиган вакциналар ҳақидаги хабарларни олиб ташлашни хоҳлашди", дейди тадбиркор.
Цукербергнинг таъкидлашича, бир пайтлар Meta постларни ўчиришдан очиқчасига бош тортган. Байден ижтимоий тармоқлардаги мемлар "одамларни ўлдиради" деганидан кейин эса компанияга босим кучайган.
Қайд этиш жоиз, жорий йилнинг 15 январь куни АҚШ президентлигидан кетаётган Жо Байден халқига хайрлашув мурожаати билан чиқиш қилади. 20 январда эса АҚШнинг сайланган Президенти Дональд Трампнинг инаугурация маросими бўлиб ўтади.
Цукербергга келадиган бўлсак, у ўтган йилнинг 27 ноябрь куни АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трампни йўқлаб борган. Цукерберг Флоридада Трампнинг бўлажак маъмурияти аъзолари билан ҳам учрашган ва кечки овқатга таклиф қилгани учун Трампдан миннатдор эканини қўшимча қилган. У бошчилигидаги Meta корпорацияси эса Трампнинг инаугурацион фондига 1 миллион доллар хайрия қилди.
Эслатиб ўтамиз, 7 январь куни Марк Цукерберг Facebook, Instagram ва Threads ижтимоий тармоқларида цензура мавжудлигини тан олган ва контент модерацияси кескин заифлашганини эълон қилганди. Шунингдек, у Трамп билан бирга бошқа мамлакатларда, жумладан, Европада ҳам цензурага қарши курашишга ваъда берди.