Трампнинг Украина бўйича янги режаси тафсилотлари ошкор бўлди
Олам
−
20 Ноябрь 6703 2 дақиқа
АҚШ ва Россия Президентларининг махсус вакиллари Стив Уиткофф ва Кирилл Дмитриев иштирокида ишлаб чиқилган Украина учун янги тинчлик режасида Қўшма Штатлар Украинадан барча Луганск ва Донецк вилоятларини таслим қилишни ва армиясини ярмига қисқартиришни талаб қилади. Бу ҳақда ташаббусдан хабардор манбаларга таяниб, “Financial Times” ва “Axios” нашрлари хабар берди.
Қайд этилишича, режа Украина қўролли кучларини Донбасс ҳудудининг 14 фоизидан олиб чиқиб, уни қуролсизлантирилган ҳудудга айлантиришни кўзда тутади, бу ерда ҳеч бир томон қўшинлари ва қуроллари сақланмайди. Бунинг эвазига Кремль Запорожье ва Херсон вилоятларидаги фронт чизиғини музлатиб қўйиши керак ва нашр манбаларига кўра, муваффақиятли музокаралар натижасида баъзи ерларни қайтаришга ҳам рози бўлиши мумкин.
Трамп режасига кўра, АҚШ ва бошқа давлатлар Қрим ва Донбассни Россия ҳудуди сифатида тан олишлари керак. Бу Украинадан талаб қилинмайди. Бироқ у рус тилини расмий тил сифатида тан олиши ва рус православ черкови фаолиятига қўйилган чекловларни олиб ташлаши керак.
Трампнинг режасида Украина Қуролли кучлари учун айрим турдаги қуролларни тақиқлаш, Ғарбнинг узоқ масофали ракеталарини етказиб беришни тўхтатиш ва Украинага ҳар қандай хорижий қўшинларни жойлаштиришни тақиқлаш ҳам бор.
“Трампнинг таклифи Украинанинг таслим бўлишига тенг”, деб ёзади FT мухбири Кристофер Миллер.
Унинг манбаларига кўра, режа шунчаки Кремлнинг максималист талаблари рўйхати ҳисобланади.
“Америка расмийларининг мантиғи шундан иборатки, Украина Донбассда таслим бўлиши керак, чунки у барибир уни йўқотади ва шунинг учун “ҳозир келишув тузиш унинг манфаатларига мос”, дейди “Axios” манбаси.
Трампнинг таклифи билан таниш бўлган Киев расмийлари буни жиддий ўзгартиришларсиз қабул қилиб бўлмас деб атаган. “Axios” нашрига кўра, Америка расмийлари режа тафсилотларини Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Рустам Умаровга айтган.
Стив Уиткофф Америка таклифини муҳокама қилиш учун Анқарада Владимир Зеленский билан учрашиши керак эди, бироқ Украина Президенти музокараларни бекор қилган. Украина манбасига кўра, “Axios” Зеленский европаликлар билан Трампнинг режасини муҳокама қилмоқчи эканини маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Президенти Дональд Трамп маъмурияти россияликлар билан маслаҳатлашган ҳолда, Украинадаги ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш бўйича янги махфий режа устида ишлаётгани маълум қилинганди.
Live
Барчаси