Трампнинг одами Данияни Гренландияни босиб олишда айблади
Олам
−
12 Январь 2545 2 дақиқа
АҚШ Президенти Дональд Трампнинг Гренландия бўйича махсус элчиси Жефф Лэндри Данияни дунёдаги энг катта оролни босиб олганликда айблади. Унинг айтишича, Дания ўтмишда БМТ протоколларини эътиборсиз қолдирган. Бу ҳақда у ўзининг Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида ёзди.
“Тарих муҳим. АҚШ Иккинчи жаҳон уруши даврида Дания бунга қодир бўлмаган пайтда Гренландия суверенитетини ҳимоя қилган. Урушдан сўнг эса Дания БМТ протоколларини четлаб ўтиб ва эътиборсиз қолдириб, уни қайта оккупация қилди. Бу масалада душманлик эмас, балки меҳмондўстлик ҳақида гап бўлиши керак”, дейди Лэндри.
Бунгача Дональд Трамп “The Atlantic” нашрига берган интервьюсида Венесуэладаги ҳарбий операция мавзусига тўхталар экан, АҚШга Гренландияни назорат қилиш “зарур” эканини айтганди. АҚШ Президентининг орол ҳақидаги бу баёнотлари Дания ва Германияда танқид қилинди. У ерда иттифоқчи томонидан бундай гаплар айтилиши мумкин эмаслиги ҳақида баёнотлар берилди.
Дания Бош вазири Метте Фредериксен Трампни таҳдидлар билан чиқишда айблади. Кейинроқ Гренландия бош вазири Йенс-Фредерик Нильсен Трампнинг оролга бўлган даъволарига муносабат билдириб, гренландияликлар мулоқотга очиқ эканини айтди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Европа Иттифоқининг Ташқи сиёсат бўйича олий вакили Кая Каллас АҚШ томонидан Гренландия босиб олиниши эҳтимоли юзасидан ЕИ давлатлари эҳтимолий чораларни муҳокама қилганини маълум қилганди. Италия Бош вазири Жоржа Мелони эса АҚШ Гренландияни босиб олиши эҳтимолига ишонмаслигини айтди.