Трампни ўзиникилар сотди: Сенатда собиқ Президентнинг суди бошланди

Олам 9741
image

АҚШ Конгресси Сенати кеча, 9 февраль куни мамлакатнинг собиқ Президенти Дональд Трампга нисбатан импичментни кўриб чиқишни бошлади. Сенаторлар жараён Америка Конституциясига зид эмас, деб овоз берди. Эндиликда уни давом эттириш мумкин. Бу ҳақда “The Washington Post” хабар тарқатди.

56 сенатор импичмент жараёни Конституцияга зид эмас деб, 44 нафари қарши овоз берган. Республикачилар партиясининг кўплаб аъзолари Трампни қўллаб-қувватлади, аммо 6 нафари қарши чиқди. Уларнинг орасида 2012 йилда президент сайловларида Барак Обамага рақиблик қилган Юта штатидан бўлган сенатор Мит Ромни ҳам бор.

Импичмент бўйича резолюция Сенатга жорий йилнинг январь ойида берилганди. Бунгача жараённи бошлаш Вакиллар палатасида маъқулланган. Бунга собиқ давлат раҳбари тарафдорларининг парламент биносига ҳужуми сабаб бўлди. Трамп исёнчиларни қўзғатишда айбланмоқда.

Дональд Трампни айбдор деб топиш учун 100 аъзоси бўлган Сенатда учдан икки қисм сенаторлар овози керак. Агар бу содир бўлса, Трамп қайтадан Президент бўлолмаслиги мумкин.

Маълумот ўрнида, 6 январь куни Трампнинг тарафдорлари мамлакат пойтахти Вашингтондаги Капитолий олдида намойиш уюштириб, Конгресс биносига бостириб кирди. Капитолийга ҳужум фонида Трампга иккинчи импичмент эълон қилинди. Шундан сўнг, бир қатор мессенжерлар ҳам Трампнинг аккаунтларини блоклади.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 308
Рейтинг: 2.9
t
×