Трампга қарши қўйилган баъзи айбловлар бекор қилинди
Олам
−
27 Ноябрь 2025 1426 2 дақиқа
АҚШ Президенти Дональд Трампга 2020 йилги Президент сайловларига аралашгани учун Жоржия штатида қўйилган барча айбловлар бекор қилинди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Жоржия штати прокурори Питер Скандалакис ўз баёнотида бу ишни давом эттиришдан ҳеч қандай наф йўқлигини айтган.
“Амалдаги Президент Жоржияга судда иштирок этиш учун келади, деган реал имконият йўқ. Шу сабабли, ишни давом эттириш фойдасиз ва натижасиз бўлади”, деган Скандалакис.
Прокурор, шунингдек, суд бу қарорни маъқуллаганини таъкидлаган. Трампнинг адвокати Стивен Сэдоу айбловларнинг бекор қилинишини ижобий баҳолаб, иш умуман очилмаслиги керак эди, деган фикр билдирган.
Маълумот учун, 2021 йилда Фани Уиллис (Фултон округи прокурори) Трампнинг Жоржия сайловларига аралашуви бўйича текширувни бошлаган. 2023 йилнинг августида Трамп ва унинг 18 иттифоқдоши айбланган. Айбловлар орасида Жоржия штати коррупцияга қарши қонунини бузиш ҳам бор эди.
2020 йилги сайловларда мағлуб бўлгач, Трамп тўртта жиноий ишга дуч келган, улардан бири Жоржия ишидир. Шу иш туфайли 2023 йил августда у қисқа муддатга ҳибсга олинган, сўнгра 20 дақиқадан кейин қамоқдан чиқарилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Дональд Трамп Адлия вазирлигига жинсий жиноятчи Жеффри Эпштейн бўйича узоқ йиллик тергов материалларини ошкор қилишни мажбурий этувчи қонунни имзолаганди. Материаллар Эпштейннинг фаолиятига янада кўпроқ ойдинлик киритиши мумкин – у 2008 йилда вояга етмаганни фоҳишаликка жалб қилиш айблови билан судланишидан олдин Трамп ва бошқа таниқли шахслар билан мулоқотда бўлган. Мазкур жанжал ойлар давомида Трамп учун оғриқли масала бўлиб келди.
Live
Барчаси