Трамп қонунни имзолади: Эпштейн ҳужжатлари ошкор қилинади
Олам
−
20 Ноябрь 2775 3 дақиқа
АҚШ Президенти Дональд Трамп кеча, 19 ноябрь куни Адлия вазирлигига жинсий жиноятчи Жеффри Эпштейн бўйича узоқ йиллик тергов материалларини ошкор қилишни мажбурий этувчи қонунни имзолади.
Бу ҳужжатлар Трампнинг ҳам сиёсий рақиблари, ҳам тарафдорлари томонидан катта қизиқиш билан кутилган эди.
Материаллар Эпштейннинг фаолиятига янада кўпроқ ойдинлик киритиш мумкин – у 2008 йилда вояга етмаганни фоҳишаликка жалб қилиш айблови билан судланишидан олдин Трамп ва бошқа таниқли шахслар билан мулоқотда бўлган.
Мазкур жанжал ойлар давомида Трамп учун оғриқли масала бўлиб келди. Сабаби Президент ўзи Эпштейн ҳақидаги турли фитна назарияларини тарқатган ва унинг кўплаб тарафдорлари Эпштейннинг нуфузли шахслар билан алоқалари, шунингдек, 2019 йилда Манхэттен қамоқхонасида тергов давомида содир бўлган ва расман ўзига қасд дейилган ўлими ҳақидаги айрим маълумотлар яширилган, деб ҳисоблайди.
“Reuters” манбаларига кўра, яқин вақтларгача Трамп Республикачи қонун чиқарувчиларни бу чорага қарши чиқишга чақириб келган. У ички тергов ҳужжатларини ошкор қилиш президентлик институти учун зарарли бўлиши мумкин деган хавотир билдирган. Бироқ бу ҳафта қонун унинг қўллаб-қувватлашисиз ҳам икки партия ёрдамида қабул қилиниши аниқ бўлиб қолганидан сўнг Трамп ўз фикрини ўзгартирди.
Республикачи Трамп қонунни имзолашни ижтимоий тармоқда нишонлаб, бу чора “айрим демократлар ва уларнинг Жеффри Эпштейн билан алоқалари ҳақидаги ҳақиқатни” очишга ёрдам беришини ёзди.
Трамп демократларни Эпштейн жанжалини сиёсий қуролга айлантириб, унинг ютуқларини соя остида қолдиришга ва республикачиларнинг сиёсий ғалабаларидан эътиборни буришга уриниб келаётганликда айблади. У Эпштейнни демократлар билан боғлиқ шахс сифатида тасвирлаб, ҳужжатлар эълон қилиниши “уларнинг алоқаларини” очиб қўйишини билдирди.
“Балки демократлар ва уларнинг Жеффри Эпштейн билан алоқалари ҳақидаги ҳақиқат яқин орада очилар”, деб ёзди у 19 ноябрь куни Truth Social’да.
Куннинг аввалроғидаги матбуот анжуманида Бош прокурор Пэм Бонди Адлия вазирлиги Эпштейнга оид материалларни 30 кун ичида эълон қилишини тасдиқлади. Бу талаб республикачилар назоратидаги Қўшма штатлар Конгресси – Қуйи палата ва Сенат томонидан 18 ноябрь куни қабул қилинган қонунларда белгиланган.
“Биз қонунга амал қилишда давом этамиз ва максимал ошкораликка интиламиз”, деди Бонди.
Ҳужжатлар тўлиқ бўлмаслиги мумкин
Бироқ ҳужжатларнинг эълон қилиниши тўлиқ бўлмаслиги мумкин. Чунки Конгресс қабул қилган қонун Адлия вазирлигига Эпштейн қурбонларининг шахсий маълумотлари ва амалга оширилаётган терговга зарар етказиши мумкин бўлган материалларни яширишга рухсат беради.
Сўнгги “Reuters”/“Ipsos” сўровига кўра, америкаликларнинг атиги 20 фоизи, жумладан, 44 фоиз республикачилар Трампнинг Эпштейн ишини юритиш тарзини маъқуллайди. Сўровда қатнашганларнинг тахминан 70 фоизи, шу жумладан 87 фоиз демократлар ва 60 фоиз республикачилар ҳукумат Эпштейннинг мижозлари ҳақидаги маълумотларни яшираётганига ишонади.
Ўтган ҳафта Трамп Эпштейн билан боғлиқ бўлган бир қатор демократик сиёсатчиларни текширишни буюрган эди ва расмийлар бу шахсларга доир маълумотларни ошкор қилмасликка қарор қилиши мумкин.
Адлия вазирлиги жамоатчиликдан маълумотни яширишда кўп ҳолларда “давом этаётган терговни ҳимоя қилиш” заруратини келтиради.
Судлар бу йил Трампнинг Адлия вазирлиги томонидан Эпштейн ва унинг собиқ ҳамкори Жислейн Максвеллга оид катта ҳакамлар ҳайъатидаги жараёнлар транскриптларини очиш тўғрисидаги сўровини рад этган. Максвелл ҳозирда Эпштейнга вояга етмаган қизларни жинсий зўравонликка дучор этишда ёрдам бергани учун 20 йиллик қамоқ жазосини ўтаб келмоқда.