Трампнинг импичменти қачон кўриб чиқилиши маълум бўлди

Олам 2643
image

АҚШ Конгресси Сенатидаги республикачилар етакчиси Митч Макконнелл демократ сенаторлар етакчиси Чак Шумерга собиқ Президент Дональд Трампга қарши импичмент жараёнининг биринчи босқичлари жадвалини юборди. Бу ҳақда Макконнеллнинг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида хабар берилган. 

Республикачилар таклифига биноан Вакиллар палатаси жорий йилнинг 28 январь куни айблов хулосасини Сенатга тақдим этиши керак. Шундан сўнг, Трампга импичмент моддаларига жавоб тайёрлаш учун бир ҳафта, судгача эслатмани топшириш учун яна бир ҳафта муддат бериш таклиф қилинмоқда.

Шундай қилиб, республикачилар жараёнга тайёргарлик кўриш учун Трампнинг мудофаасига 11 февралга қадар вақт беришмоқчи. 

"Шундан сўнг Вакиллар палатаси икки кун ичида ўз мудофаа баёнотларини тақдим қилиши керак", дейилган хабарда. 

Таклиф этилган жадвалга кўра, Сенатда импичмент жараёни 2021 йилнинг 13 февралидан кеч бошланмаслиги керак.

Аввалроқ, Макконелл Трампнинг импичментини кўриб чиқишни кейинга қолдириши мумкин, деган гаплар ҳам тарқалган. 

АҚШда 2020 йил 3 ноябрь куни президентлик сайловлари бўлиб ўтди. Президентликка асосий даъвогарлар – демократ Жо Байден ва республикачи Дональд Трамп эди. Оммавий овоз бериш ва сайловчиларнинг овоз бериш натижаларига кўра, Байден ғалаба қозонди, аммо Трамп сайлов натижаларини тан олмади ва судларга даъво қилди.

6 январь куни Трампнинг тарафдорлари мамлакат пойтахти Вашингтондаги Капитолий олдида намойиш уюштириб, Конгресс биносига бостириб кирди. Капитолийга ҳужум фонида Трампга иккинчи импичмент эълон қилинди. Шундан сўнг, бир қатор мессенжерлар ҳам Трампнинг аккаунтларини блоклади.

Ўша куни бу воқеалардан аввалроқ Трамп Вашингтонда тарафдорлари билан учрашиб, унда тўпланганларни Капитолийга келиб, қонун чиқарувчиларга “ўғирланган сайловлар” бўйича ўз норозиликларини билдиришга чақирган. 

Трамп вакиллар палатаси икки марта импичмент эълон қилган АҚШ тарихидаги биринчи Президент бўлди. Трампга 2019 йил декабрида биринчи марта импичмент эълон қилинганди. Ўшанда конгрессменлар Трампни ҳокимиятни суиистеъмол қилиш ва конгресс ўтказган терговга тўсқинлик қилишда айблашган. Бироқ Сенат Трампни оқлаганди.

20 январь куни Вашингтонда AҚШ Президенти Жо Байден ва вице-президент Камола Ҳарриснинг инаугурация маросими бўлиб ўтди.

Шундан сўнг, Байден расман АҚШнинг 46-президенти бўлди.

Рушана Султонова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 46
Рейтинг: 3.1
Теглар
t
×