Трамп зудлик билан Сенатда импичмент масаласини кўришни талаб қилди

Олам 2805
image

АҚШ Президенти Дональд Трамп Конгресс Сенати зудлик билан импичментни кўриб чиқишни бошлашини истаяпти. У ўзининг Twitter`даги саҳифасида шундай пост қолдирган.

“Нима ҳам дердик, демократлар Вакиллар палатасида менга тегишли жараённи таъминлаб бермади. Энди улар Сенатга ўз жараённи қандай юритиш бўйича ҳам сўзини ўтказмоқчи. Аслида уларда ҳеч қандай далил йўқ, улар кўриниш ҳам бермайди. Панада қолишни истаяпти. Мен жараён зудлик билан бошланишини истайман!”, деган Америка Президенти.

Трамп Демократлар Вакиллар палатасида импичмент бўйича республикачиларнинг бирорта овозини ололмаганини қўшимча қилган.

“Республикачилар ҳеч кимга бундай бирликда зарба бермаганди! Демократларнинг иш бўйича далиллари шу даражада ёмонки, улар (республикачилар) жараёнда иштирок этишни ҳам истамаяпти”, деб қўшимча қилди Президент.

Америка етакчиси демократлар импичмент доирасида унга қўйилган айбномани бу аҳволда Сенатга киритишни истамаяпти деб ҳисобламоқда. Негаки жараёнга уларга қулай бўлмаган гувоҳлар чақирилиши мумкинлигидан хавотирга тушишган.

“Демократлар импичмент ҳужжатларини Сенатга беришни истамаётганининг сабаби улар коррупцияга аралашган сиёсатчи Адам Шифф (Вакиллар палатасининг разведка бўйича махсус қўмитаси раҳбари) қасамёд билан кўрсатма беришини исташмаяпти”, дейди Трамп.

АҚШ Президенти сўзида давом этиб, улар (демократлар) биринчи гувоҳ, қаергадир йўқолиб қолган иккинчи гувоҳ ва икки Байденлар (собиқ АҚШ вице-президенти Жозеф Байден ва унинг ўғли Хантер Байден) ҳам кўрсатма беришини истамаётганини қўшимча қилди.

Маълумот учун, импичмент доирасида Дональд Трампга икки айблов қўйилган. У ҳокимият мансабини суиистеъмол қилишда айбланяпти. Бу айблов Трамп жорий йилнинг 25 июлида Украина Президенти Владимир Зеленский билан телефонда суҳбатлашганидан кейин қўйилди. Трамп Зеленскийдан Украинада Жозеф Байденнинг ўғлига нисбатан тергов очишни сўрагани иддао қилиняпти.

Бундан ташқари, демократлар АҚШ Президентини Вакиллар палатаси фаолиятига тўсқинлик қилишда айблашди. Оқ уй раҳбари импичмент жараёни доирасида олиб борилган суриштирув ишларида Президент маъмуриятининг юқори лавозимли амалдорларига иштирок этишини тақиқлаб қўйганди.

Конгресснинг вакиллар палатаси импичментни қўллаб-қувватлади. Овоз бериш жараёнида республикачи депутатлар бир варакайига қарши бўлди. 

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 52
Рейтинг: 2.9
t
×