Трамп енгилдими? У Хитойга божларни пасайтирмоқчи
Олам
−
23 Апрель 4166 2 дақиқа
АҚШ Президенти Дональд Трамп Хитойдан келадиган товарларга АҚШ томонидан белгиланган ставка жуда юқори эканини, шунинг учун у пасайтирилишини айтди. Бу ҳақда “The Washington Post” хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, кеча, 22 апрель куни АҚШ раҳбари Оқ уйда журналистлар олдида чиқиш қилган ва Қўшма Штатлар Хитой билан музокараларда муваффақиятга эришганини айтган.
“Хитой билан муносабатларимиз яхши. Менимча, деярли барча давлатлар билан муносабатларимиз яхши. Ҳамма Қўшма Штатлар билан муносабатда бўлишни истайди”, дея ўз сўзини бошлаган Трамп.
Унинг қўшимча қилишича, у Хитой билан хушмуомала бўлишни ва қаттиқ ўйинга киришиб кетмасликни режалаштирмоқда.
“Биз жуда илтифотли бўламиз. Улар жуда илтифотли бўлишади. Кўрамиз, нима бўларкин. Аммо охир-оқибат улар битим тузишга мажбур бўлади, чунки акс ҳолда улар Қўшма Штатларда иш юрита олмайди”, деган Оқ уй раҳбари.
Тариф ставкаларининг эҳтимолий ўзгариши ҳақидаги саволга Трамп ҳозирги 145 фоизлик ставка пасайтирилишини айтган.
“145 фоиз – бу жуда кўп ва у бунчалик юқори бўлмайди”, деган Трамп.
АҚШ ва Хитой ўртасидаги савдо уруши
Жорий йилнинг 2 апрель куни Трамп 185 давлатга нисбатан божлар жорий этилишини маълум қилганди. Тарифлар 10 фоиздан 50 фоизгача бўлган. АҚШ бож жорий қилган давлатлар рўйхатига Ўзбекистон ҳам киритилган.
Ўшанда Хитой қарши чоралар кўриш ниятида эканини маълум қилган ва АҚШга нисбатан жавоб тарифи – барча импорт қилинадиган маҳсулотларга 34 фоизлик қўшимча божлар жорий этганди.
Шундан сўнг Трамп Хитойга ультиматум қўйди – АҚШ Президенти Хитой жавоб божларини бекор қилиши кераклигини, акс ҳолда АҚШ қўшимча божлар жорий этишини айтди.
Хитой жорий этилган тарифларни бекор қилмади, оқибатда АҚШ бошқа мамлакатлар учун тарифларни жорий этишни тўхтатиб, Хитойга божларни 125 фоизгача оширди. Кейинроқ Трамп Хитой товарларига божларни яна оширди ва 145 фоиз қилиб қўйди.
Пекин ҳам Америка товарларига божларни 125 фоизгача оширди.
Кейинчалик АҚШ оммавий ахборот воситалари Трамп 70 та давлат билан АҚШ ҳамкорларини Хитойга босим ўтказишга ва у билан савдо алоқаларини узишга мажбур қилиш учун тарифлар бўйича музокаралар олиб боришни режалаштираётгани ҳақида ёзди.