Трамп яна кўплаб ходимларни ишдан олди

Олам

image

АҚШ Президенти Дональд Трамп Миллий хавфсизлик кенгашида кенг кўламли ишдан бўшатишларни бошлади. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.

Маълум қилинишича, АҚШ раҳбари кеча, 23 май куни бир кунда 100 дан ортиқ ходимни маъмурий таътилга юборган. Якуний мақсад – кенгаш штатининг сонини 300 дан 50 кишигача қисқартириш.

Билдирилишича, бу ислоҳотлар жорий йилнинг 14 май куни эълон қилинган кенг кўламли қайта ташкил этиш режаси доирасида амалга оширилмоқда. Ишдан бўшатилганлар орасида АҚШнинг геосиёсий масалалари бўйича мутахассислари ҳам бор.

CNN маълумотларига кўра, ходимларга Бош штаб раҳбари Брайан Маккормак номидан хат юборилиб, офисни 30 дақиқа ичида тарк этишлари кераклиги айтилган. Ишда бўлмаганларга кейинроқ шахсий буюмларини олиб кетиш учун алоҳида вақт ажратилиши билдирилган. Бўшатилганлар орасида Трампнинг биринчи президентлик даврида тайинланган сиёсий кадрлари, доимий давлат хизматчилари ҳам бор. “Reuters”га кўра, уларнинг аксарияти ҳукуматдаги бошқа лавозимларга ўтказилиши мумкин.

Қайта ташкил этиш жараёнида Миллий хавфсизлик кенгашининг айрим бўлинмалари бошқа идоралар билан бирлаштирилади ёки умуман ёпилади. Жумладан, НАТО билан ҳамкорликни мувофиқлаштирувчи бўлинма ҳам қисқартирилиши мумкин.

Жорий йилнинг январь ойида “The Washington Post” нашрининг ёзишича, Украина, Эрон ва Шимолий Корея билан боғлиқ масалалар учун жавобгар бўлган ходимлар вақтинча лавозимидан четлатилган. Бу қарор Трампнинг сиёсатига мувофиқликни текшириш мақсадида қабул қилинган.

Маълумот учун, АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши 1947 йилда ташкил этилган бўлиб, у Президент ҳузуридаги асосий маслаҳат органи ҳисобланади. Ҳозирда у АҚШ ташқи сиёсатининг кўплаб жиҳатларини назорат қилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Трамп ўзининг собиқ Миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи Майк Уолтцни БМТдаги элчилик лавозимига ўтаётганини эълон қилганди. Вице-президент Жеймс Дэвид Вэнс буни лавозимга кўтарилиш деб атади ва собиқ маслаҳатчи ҳали ҳам ишончга эга эканини қўшимча қилди. “Axios” маълумотларига кўра, Оқ уйда Уолтцнинг ўрнини босиши мумкин бўлган шахс Трампнинг узоқ йиллик ёрдамчиси, штаб бошлиғи ўринбосари Стивен Миллер бўлиши мумкин. “Politico”  журналисти Марк Хелпериннинг манбаларига кўра, маслаҳатчи лавозимини АҚШнинг Яқин Шарқ бўйича амалдаги махсус вакили Стив Уиткофф эгаллаши мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

Дональд Трамп Миллий хавфсизлик кенгаши

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг