Трамп ва Путин телефон орқали гаплашди

Олам

image

Россия Президенти Владимир Путин АҚШ етакчиси Дональд Трамп билан телефон орқали суҳбатлашди. Бу ҳақда Россия Президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков журналистларга маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, Трамп яқинда Россия томонидан эълон қилинган Пасха оташкесимини ижобий баҳолаган. Шу муносабат билан Владимир Путин америкалик ҳамкасбини Ғалаба байрами, яъни 9 май куни ҳам оташкесим эълон қилишга тайёрлиги ҳақида хабардор қилди.

Юрий Ушаковнинг қўшимча қилишича, республикачи сиёсатчи бу ташаббусни фаол қўллаб-қувватлаган ва мазкур байрамни “Иккинчи жаҳон урушида нацизм устидан эришилган умумий ғалаба рамзи” деб атаган.

Ўтган йили Ғалабанинг 80 йиллиги муносабати билан Путин 8 май ярим тундан 11 май ярим тунгача оташкесим эълон қилган эди. Бироқ Россия Президенти матбуот котиби Дмитрй Песков Москва Киев томонидан “ҳақиқий ўт очишни тўхтатиш” кузатилмаганини билдирган.

Бир ярим соатдан ортиқ давом этган телефон суҳбатида Путин Трампга ҳарбий операция ҳудудидаги вазият ҳақида ҳам маълумот берган. Унинг айтишича, Россия қўшинлари Украина Қуролли кучларини сиқиб чиқармоқда.

Ушаковнинг таъкидлашича, томонлар Киев Европа давлатлари қўллови билан можарони чўзишга ҳаракат қилмоқда, деган фикрда якдил бўлган.

Шунга қарамай, Трамп Украинадаги можарони якунлайдиган келишув яқин эканига ишонмоқда. Владимир Путин эса суҳбат давомида ҳарбий операция мақсадларига барибир эришилишини таъкидлаган.

Томонлар бошқа сиёсий масалаларни ҳам муҳокама қилган, жумладан АҚШ ва Эрон ўртасидаги кескинлик. Путин оташкесим режимини узайтириш тарафдори эканини билдириб, бу вазиятни барқарорлаштиришга ёрдам беришини айтган.

Шунингдек, у 25 апрель куни Washington Hilton меҳмонхонасида Трампга қарши уюштирилган суиқасд уринишини қоралаб, республикачи сиёсатчини қўллаб-қувватлашини билдирган.

Путин ва Трамп охирги марта 2025 йил 28 декабрь куни телефон орқали мулоқот қилган эди. Юрий Ушаковнинг айтишича, ўша суҳбат “дўстона, ижобий ва ишчан руҳда” ўтган ҳамда томонлар Украина можаросини узоқ муддатли тартибга солишга ўзаро қизиқиш билдирган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Москвада жорий йилнинг 9 май куни бўлиб ўтадиган Ғалаба куни паради вақти Украинанинг “террор таҳдиди” туфайли қисқартирилиши ҳақида хабар берилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Владимир Путин Дональд Трамп Юрий Ушаков

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг