Иккинчи АҚШ-КХДР саммити якунида тинчлик шартномаси имзоланиши мумкин

Олам 2411
image

Бугун, 27 февраль куни Вьетнам пойтахти Ханой шаҳрида иккинчи АҚШ-КХДР саммити бошланди.

Учрашув бошланишидан аввал Дональд Трамп Ким Чен Ин билан иккинчи учрашуви якунида АҚШ ва КХДР ўртасида тинчлик шартномаси имзоланиши мумкинлигини ҳам айтиб ўтди.

Маълумот учун, АҚШ ва КХДР 1950-1953 йиллардаги Корея урушидан бери тинчлик шартномасини имзоламаган. 1953 йилда КХДР ва АҚШ бошлиқ БМТ коалицияси фақатгина ярашув битими имзолаган.

КХДР етакчиси Ким Чен Ин расмий Пхеньян ва Вашингтон биргаликда ишончсизлик ва муаммоларни ҳал қилаётганини айтиб ўтди. Трамп эса, Ким Чен Инни “буюк етакчи” деб мақтади.

Америка президенти Дональд Трамп ва Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин учрашуви Sofitel Legend Metropole меҳмонхонасидаги яккама-якка суҳбатдан бошланди.

Икки давлат раҳбари 20 дақиқа давом этган суҳбатдан кейин, биргаликда тушлик қилди. Трамп тушлик вақтида КХДР етакчисига журналистлар яккама-якка учрашувда қайси мавзулар кўтарилганини билиш учун пул тўлашга ҳам рози бўлишини айтиб, ҳазил қилди.

Ким Чен Ин ва Дональд Трампнинг биргаликдаги тушлиги икки соатга яқин давом этди. Тушликдан кейин ҳар икки етакчи ўз қароргоҳларига қараб йўл олди. Тушликда америка тарафдан Давлат котиби Майкл Помпео, Оқ уй аппарати раҳбари вазифасини бажарувчи Мик Малвэни, корея тарафдан Корея ишчи партияси раиси ўринбосари Ким Ён Чхоль ва Ташқи ишлар вазири Ли Ён Хо иштирок этди.

АҚШ-КХДР саммитининг асосий музокаралари эртага, 28 февраль куни ўтиши белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, биринчи АҚШ-КХДР саммити ўтган йили 12 июнь куни Сингапурда бўлиб ўтганди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 19
Рейтинг: 3.0
Будьте в курсе событий!
×
×