Трамп Украинани Путинга совға қиладими?

Таҳлил

Украина Президенти Владимир Зеленский Байденнинг эшигини тақиллатишни деярли тўхтатди. Энди уни кўпроқ Трамп кабинети қизиқтирмоқда. Дунё тарихида ўчмас из қолдирган бу йилги АҚШ президентлик сайловларидаги воқеликлар фонида Украинанинг яшовчанлиги энди Трамп ва у бошчилигидаги республикачилар қўлига ўтиши мумкин. Ҳар ҳолда Трампга суиқасд каби факторлар бизнесменнинг имкониятларини ошириб юборди. Агарда Трамп жорий йилдаги сайловда кейинги 4 йиллик учун сайлангудек бўлса, бу катта эҳтимол билан Украинанинг келажаги мавҳумлик ортига чекиниши ва унинг фронтдаги аҳволини ачинарли ҳолатга тушириши мумкин. Нега бундай хулосага тўхталганимизни эса қуйида атрофлича баён қиламиз.

Трампнинг Украинадаги урушга муносабати

Бугун президентликка даъвогар Дональд Трамп, у томондан потенциал вице-президент этиб танланган Жеймс Дэвид Вэнс ва республикачиларнинг кўпчилиги Украина ва Зеленскийга нисбатан бироз зиддиятли қарашларга эга. Қаршиликлар Украинанинг Россия босқинига қарши олиб бораётган кураши туфайли эмас, балки бу ишларда АҚШдан қандай ёрдам олаётгани сабаб шаклланган. Хусусан, Дональд Трамп Байден маъмурияти украинларга ёрдамни шундоққина текинга эмас, балки қарз эвазига тақдим қилиши лозимлигини қатъий таъкидлаб келади. У шунингдек, Огайо штатининг Вандалия шаҳрида бўлиб ўтган сайловолди митинги чоғида, Украина давлат раҳбари ҳар сафар АҚШга ташриф буюрганида чўнтаклари тўла пул билан Вашингтонни тарк этишга муваффақ бўлишини киноя қилганди. Трамп Зеленскийнинг бу уддабуронлигини тасвирлашга ҳаракат қилар экан, уни “дунёдаги энг буюк савдогар” дея тарифлаганди.

2022 йил февралида Россия ва Украина ўртасидаги можаро бошланганидан буён Вашингтон Киевнинг асосий қўллаб-қувватловчиси бўлиб, унга 113 миллиард долларга яқин ҳарбий, иқтисодий ва гуманитар ёрдам кўрсатди. Оқ уй, шунингдек, 2022 йилда  Россиянинг қарийб 285 миллиард долларлик музлатилган активларини мусодара қилиш ва бу пулларни Украина фойдасига расмийлаштириш вариантларини кўриб чиқаётганди. Республикачилар эса Қўшма Штатлар мамлакат бюджетидан Украинага қарата оқизилаётган миллиардларни тўхтатиш учун жуда жиддий курашлар ҳам олиб борди. 2024 йилнинг иккинчи чорагида Байден Конгрессни Киевга 60 миллиард долларлик ҳарбий ёрдамни ўз ичига олган жами 95 миллиард долларлик ташқи ёрдам лойиҳасини қабул қилишга ундаганди. Байден агар қонун лойиҳаси тасдиқланмаса, Украина Россияга янада каттароқ ҳудудни бериб қўйиши мумкинлигини айтганди. Аммо ушбу лойиҳа ўша пайтда Республикачиларнинг қаршилиги туфайли Конгрессда тўхтаб қолганди.

Бундан ташқари, Трампнинг атрофидагилар ҳам Зеленскийнинг АҚШдан олаётган ёрдамларини турли кўринишларда ҳам танқид, ҳам масхара қилган ҳолда ўз позицияларини кўрсатишди. Масалан, республикачилар ичидан Трамп томонидан потенциал вице-президент сифатида танланган Дэвид Вэнсни олайлик. У ҳатто ўз вақтида Украина масаласи АҚШнинг иши эмаслигига ҳам ишора қилувчи гапларни айтган. Вэнс ўзи қатнашган подкастларнинг бирида Украинада нима содир бўлаётгани уни унчалик ҳам қизиқмаслигини таъкидлади. Бу эса Украина ва Зеленский учун жуда қўрқинчли сигналдир. Ўз навбатида Зеленскийни масхара қилиш хоббисига айланиб улгурган кичик Дональд Трамп ҳам Байденнинг кетиши ҳақидаги расмий хабарлардан сўнг Украина Президентининг устидан кулиш учун яхшигина ҳажвий ғоялари борлигини кўрсатди. Хусусан, у ўзининг Х’даги саҳифасида Зеленскийни ерга урувчи аччиқ ҳазиломуз пост ва монтаж қилинган сурат қолдирди. Республикачи номзоднинг ўғли Х’га Байден уяли телефонининг экрани тасвирланган скриншотни жойлаштирди. Суратда Зеленскийнинг 52 та “ўтказиб юборилган қўнғироқлари”, шунингдек, бир нечта хавотирли “хабарлар”, яъни “пулим ҳали ҳам келишда давом этадими”, “мен қўрқяпман”, “жавоб беринг, илтимос” деган сўзларни келтирилганди. У, шунингдек, АҚШ Президенти Жо Байденнинг сайловолди ташвиқотидан чиқиши Украина етакчиси Владимир Зеленский учун катта зарба бўлгани ва ҳозир унга пул берадиган ҳеч ким йўқ, дея ҳазиллашди. Бундан ташқари, Трамплар оиласи Зеленскийни олдин ҳам бир неча бор тролл қилишган ва уни АҚШдан олаётган ёрдамлари туфайли тиланчига чиқаришган эди. Кўплаб республикачилар, Дональд Трамп ва Ж.Д Вэнс каби юқори даражали сиёсатчилардан ташкил топган блокнинг ҳокимият тепасидаги маррага яқинлашиб келаётгани Украина элитаси учун катта эҳтимол билан қувончли янгилик эмас. Чунки уларнинг фронтдаги вазият ва Зеленскийнинг ёрдам масаласидаги ҳаракатларига нисбатан ижобий фикрда эмаслигини юқорида келтириб ўтилган фактлардан билиб олишимиз қийин эмас.

Трамп АҚШнинг навбатдаги президентими?

4 та расмий айблов, бир неча 10 йиллик қамоқ жазоси таҳдиди ва ахлоқсиз актриса билан муносабатлар, буларнинг барчаси Дональд Трампнинг дунё ва мамлакат миқёсида тўплаган обрўсини чилпарчин қилиши керак эди. Бироқ ўз оила аъзолари, аниқроғи рафиқаси ва ўғиллари томонидан “жангчи” дея таърифланадиган Дональд Трамп бу номни оқлади. У жуда оз муддат ичида ўз ҳолатини ўнглаб олди ва сайловолди йўлакчасидаги спринтга қайтди. Унинг қаршисига қўйилган сунъий шлагбаумлар бирин-кетин олиб ташланди. “Жангчи” қисқа вақт ичида президентликка яна қайтадан сайланиши мумкинлигини исботлади. Ортда қолган 30 кун ичида содир бўлган воқеаларнинг барчаси айнан унинг фойдасига ишлади. Масалан, 27 июнь куни CNN телеканали томонидан ўтказилган теледебат Байден ва Трамп ўртасидаги принципиал қарама-қаршиликдаги ҳал қилувчи бурилиш нуқтаси бўлди. Дебат давомида айёр Трамп нақ 30 дан ортиқ ёлғон ишлатган ҳолда Байденни янчиб ташлади. У бу баҳс орқали бутун демократлар жамоасига тушкунлик даврини совға қилди. Июль ойининг ўрталарида рўй берган йил воқелиги эса Трампнинг Байденни қувиб ўтишига сабаб бўлди. Унга нисбатан уюштирилган суиқасд эндиликда республикачиларни пойгада олдинга олиб чиққанди. Сўровномалар, таҳлиллар-у тахминларнинг деярли барчаси Трампнинг ғалабасига ишора қилаётганди. Шу кундан бошлаб Байден демократлар ва уларнинг молиявий мегадонорлари босими остида қолиб кетди. 81 ёшли АҚШ тарихидаги энг кекса президент ҳарчанд уринмасин кенг қаршиликлар оқимига бардош бера олмади. Демократлар ичида хаос бошланганди ва улар Байденни ўйиндан чиқаришни бир амаллаб уддалашди. Бу пайтга келиб республикачилар ва уларнинг номзоди Дональд Трамп президентлик учун яққол фаворит бўлиб олганди. Аммо Байден Камола Ҳаррисга йўл берган ҳолда ўз вақтида пойгадан чиқиши вазиятни бироз бўлса-да демократлар фойдасига ўнглади. Ҳаррис компанияси 24 соат ичида рекорд миқдордаги 81 миллион доллар хайрия тўплади. Ҳаррис номзодини демократлар тарихидаги энг муҳим фигуралар қўллаб-қувватлади. Дастлаб Клинтонлар оиласи, ундан сўнг эса бироз кеч бўлса-да, Обамалар ҳам телефон қўнғироғи орқали Камолага зафар тилади. Энди фақат баъзи расмиятчиликлар қолди, холос. Бу ҳам бўлса, Камола Ҳаррис демократлар қурултойида президентлик учун партия номзоди сифатида расман кўрсатилишидир. Шу билан асримизнинг энг қизғин ва муросасиз сиёсий жанги старт олади. Дастлаб Барак Обама томонидан харизмаси паст баҳоланган Камола Ҳарриснинг ортда қолган ҳафтадаги ҳаракатларидан хулоса қилиб, Обама мутлақо адашганлигига амин бўлдик. Нетаньяхуга берилган яхшигина дакки ва Исроилнинг Ғазодаги хунрезликларини жимгина кузатиб турмаслиги ҳақидаги зардали сигнали унинг ўз сўзига эгалигини намоён қилди. Ҳатто айрим сўровномалар Ҳарриснинг Трамп устидан ғалаба қозониши мумкинлигига ҳам сигнал берди. Хусусан, АҚШ вице-президенти Ҳаррис “Reuters” ва “Ipsos” агентликлари томонидан ўтказилган миллий сўровномада собиқ президент Дональд Трампни ортда қолдирди. Ҳаррисни респондентларнинг 44 фоизи, Трампни эса 42 фоизи қўллаб-қувватлади. Тадқиқот амалдаги давлат раҳбари Жо Байден қайта сайланиш учун курашдан воз кечаётганини эълон қилганидан кейин ўтказилди. Сўровда қатнашганларнинг 56 фоизи 59 ёшли Ҳарриснинг “ўткир ақли” ва “қийинчиликларга дош бера олишига” ишонч билдирди. 78 ёшли Трамп ҳақида эса фақат 49 фоиз респондент шундай фикрда эди. Аммо кейинчалик “New York Times” нашри ва Siena коллежи биргаликда ўтказган тадқиқотда вазият бироз ўзгарган ҳолда кўрсаткичлар тарозини Трамп томонга босаётганлигини кўрсатди. Фарқ эса ўтган сафаргидек жуда кичик, яъни 1 фоизгина. Унга кўра, сайловчиларнинг 48 фоизи Дональд Трампга, 47 фоизи эса Камола Ҳаррисга овоз беришга тайёр экани маълум бўлди. Мазкур ўйноқи рақамлар ва фоизлар сайловгача давом этади. Бироқ бу каби бироз тор доирадаги сўровномалар мамлакат фуқароларининг аниқ иродасини намойиш қила олмайди. Бунга эса 2016 йилдаги Хиллари Клинтон ва Дональд Трампнинг сайловдаги рақобати пайтидаги экзитполлар яққол мисол бўла олади. Ўша пайтда ўтказилган сўровлар натижасига кўра Клинтон яққол устунлик қилган ва респондентларнинг катта қисми Трампга нисбатан ишончсизлик билдирганди. Аммо кейинчалик воқеалар ривожи қандай тус олгани ва якунда натижа қандай бўлгани барчага маълум.

Трамп Украина устида қандай қарорга келиши мумкин?

Икки йилдан буён собиқ Президент Дональд Трамп агарда президентликка қайта сайланса, Россиянинг Украинага босқинини 24 соат ичида тўхтатишини айтиб келади. У буни бир эмас, балки бир неча бор таъкидлади. 27 июнь куни АҚШ Президенти Жо Байден билан бўлиб ўтган сайловолди дебатида эса Трамп агар қайта сайланса, 2025 йил 20 январида президентликка киришгунга қадар бўлган вақт ичида можарога барҳам беришини ваъда қилди.

Асовтабиат Трампнинг бу чиқишлари Украина сиёсий элитасида шубҳа ёки қизиқиш уйғотмай қолмади. Албатта, Трампдек тийиқсиз сиёсатчидан бу каби фавқулодда хабар олиниши вазият атрофидагиларни хавотирлантириши табиий, албатта. Бироқ Зеленскийнинг ушбу режани очиқлаш ва буни қандай амалга ошириш ҳақидаги сўровлари Трамп томонидан жавобсиз қолдирилмоқда. АҚШ президентлик сайлови сценарийсидаги кескин бурилиш Зеленскийни ҳушёрликка чорлаган ҳолда, тезда Трамп билан алоқага чиқишга ундади. У амалдаги АҚШ раҳбари Жо Байденга Украинага қилган барча яхшиликлари учун чуқур ташаккур билдирганча дарҳол Трамп томонга юзланди. Улар ўртасидаги биринчи суҳбат эса кутилганидек телефон орқали амалга оширилди. Суҳбат тафсилотлари Truth Social ижтимоий тармоғидаги Трампнинг шахсий саҳифасида эълон қилинди.

“Президент Зеленский билан бугун жуда яхши телефон қўнғироғи бўлди. Сизнинг кейинги президентингиз сифатида мен дунёга тинчлик ўрнатаман ва кўплаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлган ва сон-саноқсиз бегуноҳ оилаларни вайрон қилган урушга барҳам бераман. Ҳар икки томон бирлашиб, зўравонликка барҳам берадиган ва фаровонликка йўл очадиган келишувни музокара қилиши мумкин”, деб ёзади Трамп.

Зеленский ҳам ўзининг Telegram-каналида Трамп билан телефон орқали суҳбатлашгани ва Украина можаросини ҳал қилиш йўлларини муҳокама қилиш учун шахсий учрашувга келишиб олганини ёзди.

“Биз президент Трамп билан шахсий учрашувда айнан қандай қадамлар тинчликни адолатли ва чинакам мустаҳкам қилиши мумкинлигини муҳокама қилишга келишиб олдик”, дейди Зеленский.

Трамп ушбу суҳбатда ҳам можарони зудлик билан ҳал қилишга қодирлигини яна бир бор эслатиб ўтган. Аммо ишончли манбаларнинг хабар беришича, у буни қандай ва қайси режага кўра амалга оширишини яна очиқламаган. Бу эса Трампнинг урушни тўхтатиш режасига нисбатан шубҳа гумонларни кучайтириши табиий. Чунки Киев ва Москва бу урушнинг тўхтатилишидаги шартларда кўплаб нуқталарда жуда қаттиқ кесишган. Кесишмаларнинг энг жиддийси эса бу ҳозиргача босиб олинган ерларнинг музокаралардан кейинги мақоми, яъни улар қайси давлат ҳудудида қолишидир. 2022 йилда Туркия воситачилигида Истанбулдаги Долмабахча саройида ўтказилган Украина ва Россия ўртасидаги дастлабки музокаралардаги расмий Москва талабларининг энг олди қаторида айнан босиб олинган ерларнинг Россия ихтиёрида қолиши ҳақидаги банди мавжуд эди. Мана босқиннинг 3 йили ўтиб бораркан, расмий Кремль бу шартидан ҳали ҳам воз кечмади. Украина томони эса тинчлик ва музокара тўғрисидаги исталган таклиф ва шартлар мамлакат суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига қарши бўлмаслиги каби ҳақли позицияга қатъий ўрнашиб олган. Бу шарт эса бугун Россия ва дунёдаги кам сонли тоталитар тузумлардан ташқари деярли бутун дунё томонидан қўллаб-қувватланади.

Агарда Трамп сайлов натижаларига кўра яқин келажакда Оқ уйга қайтадиган бўлса, унинг урушни тўхтатиш тўғрисидаги режаси кимнинг манфаатларига эгилиши ҳозирча номаълум. Аммо қарор чиқаришда ташқи таъсирларга қарши кучли иммунитети мавжуд бўлган ва кескин ҳамда кутилмаган ҳаракатларга бой бўлган республикачиларнинг номзоди мутлақ бошқача йўл тутиши мумкинлигини ҳам инкор қила олмаймиз.

Аниқ қилиб айтадиган бўлсак, тахмин қилишимиз мумкин бўлган бир қанча версиялардан бири бу Трампнинг Россия томонидан эгаллаб олинган ерларни Кремль ихтиёрида қолдириш орқали можаронинг икки томонидагиларни музокара столига олиб келишидир. Албатта, бу бутун дунёнинг қаршилигига олиб келиши ва амалга ошиши қийиндек кўринадиган йўл. Лекин ўз президентлик мандати давомида 2017 йил Париж иқлим келишуви, 2018 йилда Эрон билан ядро келишувидан чиққан, Европа Иттифоқи билан муносабатлар ёмонлашишидан заррача хавотир олмаган ва 2020 йил бошида Яқин Шарқдаги энг қудратли шахслардан бири Қосим Сулаймонийни ўлдирган, жуда кескин қарорлар қабул қилишдаги кучли кўникмага эга бўлган Трамп учун Украина масаласида кутилмаган позицияга ўтиши қийинчилик туғдирмаслиги мумкин. Зеро, республикачилар мамлакат ортиқ Украинани текинга молиялашни хоҳламаслигини турли кўринишларда билдириб келишмоқда. Шундай экан, Шарқий Европадаги вазиятнинг якуний ҳукми 6 ноябрда АҚШдаги президентлик сайловидан кейин чиқарилиши мумкин. Сайловга эса 3 ойдан бироз кўпроқ вақт қолди. Бу эса Украина ва украиналиклар ихтиёрида жуда оз муддат қолганини англатади. Сайлов яқин, унда эса фаворит сифатида кўрсатилаётган персона анча зиддиятли характерга эга бўлган ва олдиндан қандай қадам ташлаши номаълум Дональд Трампдир. Унинг айни дамда бизга маълум бўлган биргина режаси бор. Бу ҳам бўлса, президентликка сайланиши билан Украина ва Фаластиндаги урушни тўхтатиш. Аммо қандай, қайси шартлар ва қай услубда бунга барҳам бериши ҳозирча номаълум. Вақт олий ҳакам, ва барчаси яна унинг ҳукмида қолмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Трамп Украина уруш

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг