Трамп “Толибон”га таҳдид қилди

Олам

image

АҚШ Президенти Дональд Трамп “Толибон” муваққат ҳукумати бошқарувида бўлган Баграм ҳарбий авиабазасини Қўшма Штатлар назоратига топширишни талаб қилди. Бу ҳақда Оқ уй раҳбари Truth Social тармоғида ёзиб қолдирди. 

Трамп “Толибон” авиабазани топширишдан бош тортса, унга ёмон оқибатлар бўлиши билан таҳдид қилган.

“Агар Афғонистон Баграм авиабазасини уни барпо этганларга – Қўшма Штатларга қайтармаса, бу яхши оқибатларга олиб келмайди”, дея ёзган Трамп. 

Маълумот учун, 2001–2021 йилларда Баграм аэродроми АҚШ бошчилигидаги халқаро коалициянинг энг йирик базаси бўлган. 2021 йилда америкаликлар уни тарк этган, айнан ўша йилнинг ёз ойида эса база “Толибон” муваққат ҳукуматининг қўлига ўтган эди. 

2021 йил 14 апрель куни АҚШнинг 46-президенти Жо Байден Афғонистондаги ҳарбий операцияни якунлашини эълон қилди. Бу операция АҚШ тарихидаги энг узоқ давом этган хорижий ҳарбий кампания бўлиб, у 2001 йил октябрь ойида бошланган эди. Кампаниянинг энг юқори чўққиси пайтида (2010–2013 йилларда) мамлакатда халқаро кучлар сони 150 мингдан ошган эди. Асосий АҚШ ва НАТО бўлинмалари 2014 йилда чиқиб кетган, сўнгги америкалик аскарлар эса 2021 йил сентябрь бошида Афғонистонни бутунлай тарк этган.

Қайд этиш жоиз, сўнгги кунларда Баграм базаси устида Трамп ва “Толибон” ўртасида кичик келишмовчиликлар бўлмоқда. Трамп 18 сентябрь куни Буюк Британия Бош вазири Кир Стармер билан Лондонда ўтказилган қўшма матбуот анжуманида ҳукумат Афғонистондаги Баграм авиабазасини қайтариб олиш устида ишлаётганини маълум қилганди. Трампнинг айтишича, Баграм дунёдаги энг йирик авиабаза ҳисобланади. Президент АҚШ базани қайтариб олишга интилаётганининг сабаби Хитой билан боғлиқ эканини таъкидлаган. “Толибон” муваққат ҳукумати эса АҚШга Баграм авиабазаси устидан назоратни қайтариб бермаслигини иддао қилди. “Толибон” вакилига кўра, Қобул Вашингтон билан сиёсий ва иқтисодий алоқаларни “ўзаро ҳурмат ва умумий манфаатлар” асосида ривожлантиришга тайёр, бироқ “Афғонистон ҳеч қачон ўз ҳудудида бегоналарнинг ҳарбий мавжудлигини қабул қилмайди”.


Мақола муаллифи

Теглар

Афғонистон Дональд Трамп Толибон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг