Трамп собиқ футболчини шаҳарсозлик вазири этиб тайинламоқчи
Олам
−
12:04
1996АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп собиқ америкалик футболчи Скотт Тернерни Уй-жой ва шаҳарсозлик масалалари бўйича котиб (вазир) этиб тайинламоқчи. Бу ҳақда CNN хабар берди.
Хабарга кўра, ушбу қарор Сенат томонидан тасдиқланса, Тернер адолатли уй-жой қонунларини қўллайдиган, ипотека суғуртасини бошқарадиган ва кам таъминланган оилаларга ижара учун субсидиялар берадиган идорани бошқаради.
Маълумот учун, Тернер 1994-2004 йилларда профессионал футболчи бўлган. Шундан сўнг у сиёсатчи сифатида фаолият юритган. У Трампнинг биринчи президентлик даврида Оқ уйнинг Имконият ва янгиланиш кенгашининг ижрочи директори бўлиб ишлаган.
Трамп ўз танловини эълон қилар экан, Тернер бу лавозимда мамлакатнинг энг ночор аҳволдаги қатламининг ижтимоий ҳолатини ўзгартирган мисли кўрилмаган саъй-ҳаракатларни амалга оширишда ёрдам беришини таъкидлаган.
Бундан ташқари, Дональд Трамп Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш федерал маркази раҳбарлигига Вакиллар палатасининг собиқ аъзоси Дэйв Уэлдоннинг номзодини илгари сурган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ республикачи Дональд Трамп АҚШ молия вазири лавозимига америкалик инвестор Скотт Бeссентни, Адлия вазири ва Бош прокурори лавозимига номзод сифатида Пэм Бондини, Таълим вазири лавозимига ишбилармон аёл ва собиқ профессионал курашчи Линда Мари Макмахонни тайинламоқчи эканини маълум қилганди.
Моҳинур Каримова