Трамп Путинни 2 соат давомида нималарга кўндирди?

Олам

image

Бугун, 18 март куни Россия Президенти Владимир Путин ва АҚШ Президенти Дональд Трамп ўртасида телефон орқали мулоқот бўлиб ўтди. Мулоқотда Дональд Трамп томонлар ўртасида 30 кун давомида энергетика инфратузилмасига зарба беришдан воз кечиш таклифини илгари сурган. Владимир Путин бу ташаббусга ижобий муносабат билдирган ва Россия ҳарбийларига тегишли кўрсатмалар берган. Бу ҳақда Кремль матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, лидерлар Украина атрофидаги вазият юзасидан батафсил ва очиқ фикр алмашувни давом эттирган. Владимир Путин жанговар ҳаракатларни ва инсоний талафотларни тўхтатиш йўлидаги саъй-ҳаракатлари учун Дональд Трампга миннатдорлик билдирган.

“Россия Президенти можарони тинч йўл билан ҳал этишга принципиал содиқлигини тасдиқлаб, Америка ҳамкорлари билан биргаликда муаммони пухта ва ҳар томонлама ҳал қилиш йўлларини излашга тайёр эканини таъкидлади. У бу жараён комплекс, барқарор ва узоқ муддатли бўлиши кераклигини қайд этиб, инқирознинг асосий сабабларини бартараф этиш ҳамда Россиянинг хавфсизлик соҳасидаги қонуний манфаатларини ҳисобга олиш зарурлигини алоҳида таъкидлади”, дейилади хабарда.

Шунингдек, АҚШ Президентининг 30 кунлик ўт очишни тўхтатиш ташаббуси доирасида Россия томони муҳим жиҳатларни илгари сурган. Хусусан, жанговар ҳаракатлар чизиғида ўт очишни ҳақиқатан ҳам назорат қилиш, Украинада мажбурий сафарбарлик ва ҳарбий кучларни қайта қуроллантиришни тўхтатиш каби масалалар кўтарилган.

“Киев режимининг олдинги келишувларни бузган ҳолатлари ҳамда Украина ҳарбийлари томонидан Курск вилоятида содир этилган террористик ҳужумлар хавфли оқибатларга олиб келиши мумкинлиги таъкидланди” дея хабар берди Кремль матбуот хизмати.

Қайд этилишича, музокаралар чоғида можарони сиёсий-дипломатик йўл билан ҳал қилиш ва унинг кескинлашувига йўл қўймаслик учун энг муҳим шарт – Украинага ҳарбий ёрдам ва разведка маълумотларини беришни бутунлай тўхтатиш экани алоҳида қайд этилган.

Дональд Трампнинг Курск вилоятида қуршовда қолган украиналик ҳарбийларнинг ҳаётини сақлаб қолиш ҳақидаги илтимосига жавобан, Владимир Путин Россия уларни инсонпарварлик нуқтаи назаридан асирликка олиши ва ҳарбий асирларга нисбатан халқаро ҳуқуқ нормалари доирасида муносабатда бўлишини тасдиқлаган.

Мулоқот давомида Дональд Трамп томонлар ўртасида 30 кун давомида энергетика инфратузилмасига зарба беришдан воз кечиш таклифини илгари сурган. Владимир Путин бу ташаббусга ижобий муносабат билдирган ва Россия ҳарбийларига тегишли кўрсатмалар берган.

Шунингдек, Россия Президенти Дональд Трамп илгари сурган Қора денгиз акваториясида кемалар хавфсизлигини таъминлаш бўйича машҳур ташаббусни амалга ошириш таклифига ҳам конструктив ёндашган. Бу борада музокаралар ўтказилиб, тафсилотларни қўшимча ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришилган.

Владимир Путин 19 март куни Россия ва Украина томонлари ўртасида 175 га 175 шаклида ҳарбий асирларни алмашиш режалаштирилганини маълум қилган. Бундан ташқари, Россия госпиталида даволанаётган 23 нафар оғир ярадор украиналик ҳарбийлар инсонпарварлик ҳаракати сифатида Украинага топширилади.

Лидерлар Украина бўйича келишувларни давом эттириш ниятида эканликларини тасдиқлаб, АҚШ Президенти илгари сурган таклифларни ҳисобга олган ҳолда, Россия ва АҚШ экспертлар гуруҳи тузилишини эълон қилган.

Владимир Путин ва Дональд Трамп Яқин Шарқ ҳамда Қизил денгиз минтақасидаги вазиятни ҳам муҳокама қилиб, глобал хавфсизлик ва ядро қуролларининг тарқалишини олдини олиш борасида ҳамкорлик қилишга келишиб олган. Улар бу каби ўзаро ҳамкорлик Россия-АҚШ муносабатлари умумий муҳитини яхшилашга хизмат қилишини қайд этган. Шу нуқтаи назардан, БМТда Украина можароси бўйича резолюцияга Россия ва АҚШнинг биргаликда овоз бериши ижобий мисол сифатида тилга олинган.

Томонлар Россия ва АҚШ ўртасидаги алоқаларни нормаллаштиришга қаратилган ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилган. Шу жумладан, иқтисодий ва энергетика соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари ҳам кўриб чиқилган.

Дональд Трамп Владимир Путиннинг Россия ва АҚШда KHL ва NHL ўйинчилари иштирокида хоккей мусобақаларини ташкил этиш ҳақидаги таклифини қўллаб-қувватлаган. Президентлар муайян масалалар бўйича ўзаро алоқаларни давом эттиришга келишиб олган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Владимир Путин ва Дональд Трампнинг телефон орқали мулоқоти Москва вақти билан тахминан соат 17:00 да бошлангани ва икки ярим соат давом этгани хабар қилинганди. Мулоқот давом этаётган пайтда Оқ уй аппарати раҳбарининг ўринбосари Дэн Скавино уни “яхши ўтмоқда” деб таъкидлаган. 


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Россия Владимир Путин Дональд Трамп Украина

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг