Трамп Нетаньяху билан Ғазода сулҳ тузишни муҳокама қилди

Олам

image

АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трамп Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда “Axios” хабар берди.

Суҳбатдошлар Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришиш имкониятини муҳокама қилган. Трамп Нетаньяхуни ҲАМАС билан келишув тузишга ундаган. Шу билан бирга, портал манбалари суҳбатнинг аниқ мазмунини билмаслигини таъкидламоқда. 

Жорий йилнинг июль ойи охирида Трамп Нетаньяху билан Флорида штатида қарийб тўрт йил ичида биринчи марта юзма-юз учрашув ўтказиб, унда Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш масаласини муҳокама қилганди.

Ғазодаги сулҳ бўйича музокараларнинг янги босқичи бугун, 15 август куни Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида бўлиб ўтиши кутилмоқда. Исроил расмийлари у ерга “Моссад” разведка бошқармаси директори Дэвид Барнеа бошчилигидаги делегацияни юборишни аллақачон маъқуллаган. ҲАМАС расмий даражада маслаҳатлашувларда иштирок этишдан бош тортмади, бироқ 11 август куни у воситачиларни Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш келишувини амалга ошириш бўйича аниқ режани тақдим этишга ва Исроилни уни бажаришга чақирди.

Воситачилар, шунингдек, АҚШ Президенти Жо Байден томонидан илгари сурилган ва БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 2735-резолюцияси томонидан қўллаб-қувватланган тамойилларга асосланган якуний келишув лойиҳасини тақдим этишга тайёрлигини маълум қилди. Вашингтон эса Ғазода ўт очишни тўхтатиш Яқин Шарқда кенгроқ уруш бошланиши хавфини камайтиришини билдирган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Трамп жорий йилнинг ноябрь ойида бўлиб ўтиши режалаштирилган президентлик сайловида қайта сайланса, “Яқин Шарқда тинчлик ўрнатиш учун қаттиқ ишлашга” ва коллежлар кампусларида антисемитизмга қарши курашишга ваъда берганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Трамп Биньямин Нетаньяху

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг