Трамп НАТО давлатларини Россия нефтини харид қилмасликка чақирди

Олам

image

АҚШ Президенти Дональд Трамп агар НАТО давлатлари Россия нефтини сотиб олишни тўхтатса,у Россияга қарши “жиддий санкциялар” қўйишга тайёр. Бу ҳақда Оқ уй раҳбарининг бугун, 13 сентябрь куни Truth Social ижтимоий тармоғида чоп этилган мактубида сўз борган.

“Барча НАТО давлатлари рози бўлиб, худди шундай йўл тута бошлагач ҳамда барча НАТО давлатлари Россиядан нефть сотиб олишни тўхтатса, мен Россияга қарши жиддий санкциялар қўйишга тайёрман”, деб ёзган Трамп.

Америка Президенти Шимолий Атлантика альянси айрим аъзоларининг Россия нефтини сотиб олишини “ҳайратланарли” деб атади ва бу НАТОнинг музокаралардаги позицияси ва альянснинг Москвага таъсирини заифлаштиришини қўшимча қилди.

Мактубда Дональд Трамп яна бир бор НАТОга аъзо барча давлатлар Хитойдан келаётган товарларга 50-100 фоизлик божхона тўловларини жорий этишни таклиф қилган. Унинг фикрича, бундай тарифлар Пекиннинг Москва устидан “кучли назорати”ни бузиши мумкин. У аввал ҳам худди шундай таклифни 10 сентябрь куни билдирган эди.

“Агар НАТО менинг айтганимни қилса, уруш тезда тугайди. Агар йўқ бўлса, сиз менинг вақтимни, Америка Қўшма Штатларининг вақтини, кучини ва пулини беҳуда сарфлаяпсиз”, дея хулоса қилган Оқ уй раҳбари.

Трамп ўз мактубида Украинада содир бўлаётган воқеаларни “Байден ва Зеленский уруши” деб атаган.

Бир кун аввал “Politico” манбаларига таяниб, Европа етакчилари Трамп билан қизғин музокаралардан сўнг уни Россия Украинага қарши урушни тўхтатишдан манфаатдор эмаслигига ва уни музокаралар столига ўтиришга мажбур қилиш кераклигига ишонтира олгани ҳақида хабар берди. Хусусан, Европа Иттифоқининг юқори мартабали амалдорларидан иборат делегация эҳтимолий янги чекловлар тафсилотларини ишлаб чиқиш учун Вашингтонга юборилган. Нашрнинг ёзишича, европаликлар ва америкаликлар ҳали ҳам Россияга қарши қандай чоралар кўриш кераклиги борасида келиша олмаяпти.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “The Times of India” Россия Ҳиндистонга нефть сотиб олаётгани учун 5 фоизлик чегирма жорий қилиши ҳақида ёзганди.


Мақола муаллифи

Теглар

НАТО Дональд Трамп Россия нефти

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг