Трамп Макронни шуҳратпарастликда айблади
Олам
−
17 Июнь 4014 2 дақиқа
Бугун, 17 июнь куни АҚШ Президенти Дональд Трамп француз мавқедоши Эммануэль Макронни “шон-шуҳрат излаётганликда” айблаб, уни кескин танқид остига олди. Бу ҳақда у ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғида ёзди.
“Қасдданми ё йўқми, Эммануэль ҳар доим нотўғри гапиради”, деб изоҳ қолдирган Трамп.
Бу изоҳ Трамп Канаданинг Кананаскис шаҳрида бўлиб ўтаётган G7 саммитидан Вашингтонга қайтаётган пайтда Truth Social ижтимоий тармоғида эълон қилинган. Трамп саммитни бир кун олдин тарк этишини илгари эълон қилган эди. Оқ уй матбуот котиби бу қарорни “Яқин Шарқда бўлаётган воқеалар” билан изоҳлаган.
Франция Президенти Эммануэль Макрон G7 саммитида журналистларга Трампнинг эрта кетиши Исроил ва Эрон ўртасида сулҳ музокараларини олиб бориш ниятида экани билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини айтган.
“Ҳақиқатан ҳам, учрашиш ва музокара қилиш бўйича таклиф бор. АҚШ сулҳга эришишга ваъда берди, улар Исроилга босим ўтказа олганлари учун вазият ўзгариши мумкин”, деган Макрон.
Бироқ Трамп Макроннинг изоҳларини рад этди.
“Шон-шуҳрат излаётган Франция Президенти Эмманюэль Макрон G7 саммитидан Вашингтонга Эрон ва Исроил ўртасида сулҳ устида ишлаш учун қайтаётганим ҳақида нотўғри гапирди. Хато! У менинг нима учун ҳозир Вашингтонга қайтаётганим ҳақида умуман тасаввурга эга эмас, лекин бу, албатта, ҳеч қандай сулҳ билан боғлиқ эмас. Бунга қараганда анча катта нарса. Қасдданми ё йўқми, Эммануэль ҳар доим нотўғри гапиради. Кузатишда давом этинг”, деб изоҳ қолдирган Трамп.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 16 июнь куни Дональд Трамп ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғида барчани зудлик билан Эрон пойтахти Теҳронни тарк этишга чақирганди.
Жалолиддин Раҳмонов
Live
Барчаси