Трамп коронавирусни бошдан ўтказганига қарамай, Байден у билан дебатда қатнашмоқчи
Олам
−
06 Октябрь 2020
4462АҚШдаги президентлик сайловларига Демократик партиядан номзод Жо Байден АҚШ Президенти Дональд Трамп билан иккинчи дебатни ўтказишга тайёр. Бу ҳақда CNN телеканалида маълум қилинди.
"Агар шифокорлар ҳеч қандай хавф йўқлигини айтсалар, унда муаммо йўқ. Мен мутахассислар тўғри деб билган ишни қилишга тайёрман", деган Байден Флорида штатига учишдан олдин.
Таъкидланишича, иккинчи дебат 15 октябрга белгиланган. У Майамида ўтказилиши режалаштирилган.
Шунингдек, Трамп ҳам коронавирусни бошидан ўтказганига қарамасдан дебатда қатнашишни режалаштиряпти.
Аввалроқ, Байденнинг сайловолди штаби дебатни кейинга қолдирилишига ҳеч қандай қаршилиги йўқлигини билдирганди.
Маълумот учун, биринчи дебат 29 сентябрда ўтказилганди. Унда номзодлар бир-бирларини турли ҳақоратлар билан "сийлаган" эди.
Эслатиб ўтамиз, Дональд Трамп муолажалардан сўнг Уолтер Рид ҳарбий шифохонасидан чиқди ва Оқ уйга қайтди. Ҳозир у ўзини жуда яхши ҳис қилмоқда.
АҚШдаги сайловларга тобора яқин қолмоқда. У жорий йилнинг 3 ноябрида ўтказилади.