Трамп инаугурациядан кейин Хитойга боради – WSJ
Олам
−
20 Январь
3108АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп маслаҳатчиларига инаугурациядан кейин 100 кун ичида Хитойга ташриф буюришни истаётганини айтди. Бу ҳақда "The Wall Street Journal" мунозаралардан хабардор одамларга таяниб хабар берди.
"Ташриф сайланган президентнинг Хитой импортига юқори божлар жорий этиш таҳдиди туфайли таранглашган Си Цзиньпин билан муносабатларни чуқурлаштириш мақсадида режалаштирилган", дейилади хабарда.
Нашр манбаларининг таъкидлашича, бу борада якуний қарор ҳали қабул қилинмаган.
Трамп Пекинга охирги марта 2017 йилда, унинг биринчи муддати бошланганидан деярли бир йил ўтгач ташриф буюрган эди.
Дональд Трампнинг инаугурацияси 20 январь куни бўлиб ўтади. Янги маъмурият дастлаб Си Цзиньпинни тадбирга шахсан таклиф қилган бўлса-да, унда Хитой вице-президенти Хан Чжен ҳозир бўлади.
Қайд этилишича, Трамп ва Си 17 январь куни телефон орқали гаплашган. WSJ маълумотларига кўра, сиёсатчилар ўзларининг вакиллари орқали шахсий учрашувларини муҳокама қилишган. Хусусан, вариантлардан бирига кўра, Американинг янги президенти Хитой раҳбарини АҚШга таклиф қилади.
АҚШ ва Хитой ўртасидаги муносабатлар кескинлигича қолмоқда. Хусусан, Вашингтон Хитойни юқори мартабали америкалик сиёсатчилар устидан жосуслик қилишда айблайди. Хитой расмийлари эса хакерлик ҳужумларига алоқадорлигини рад этади.
Ноябрь ойи охирида Дональд Трамп Канада, Мексика ва Хитойдан олиб келинаётган товарларга импорт божлари оширилишини эълон қилиб, давлат раҳбари сифатидаги биринчи кунидаёқ бундай фармонни имзолашига ваъда берган эди. У Хитой ҳукуматини гиёҳванд моддалар контрабандасига қарши етарлича чора кўрмаётганликда айблаб, Хитой маҳсулотларига қўшимча 10 фоизлик бож ставкаси киритилишини айтди. Трамп бу масалани хитойлик расмийлар билан бир неча бор кўтарганини, улар чора кўришига ишонтирган, бироқ бундай қилмаганини қўшимча қилди.
"Яна бир “потенциал чақнаш нуқтаси” бу Тайвань бўлиб, Пекин уни ўз ҳудуди деб ҳисоблайди ва уни босиб олиш учун куч ишлатишни истисно қилмайди", деб ёзади WSJ Хитой давлат оммавий ахборот воситаларига таяниб.
Хабар қилинишича, яқинда бўлиб ўтган телефон суҳбатида Си "бу исёнкор орол муаммосини миллий суверенитет масаласи" деб атаб, Трампга уни эҳтиёткорлик билан ҳал қилиш зарурлигини эслатган.
Оммабоп ижтимоий тармоқ TikTok атрофида ҳам баҳс-мунозаралар мавжуд. 18 январь куни NBC News’нинг “Meet the Press” дастурига берган интервьюсида Трамп TikTok’га тақиқдан “эҳтимол” 90 кунлик муҳлат беришини айтди. АҚШда TikTok тақиқи, суд қарорига кўра, инаугурациядан бир кун олдин, 19 январь куни кучга кириши керак.
Аввалроқ АҚШ Олий суди ижтимоий тармоқнинг хитойлик эгаси ByteDance уни сотмаса, Қўшма Штатларда уни тақиқлашга рухсат берувчи қонунни бекор қилишдан бош тортган эди.
Декабрь ойи ўрталарида Дональд Трамп Мар-а-Лагодаги қароргоҳида ушбу компания бош директори Шоу Цзи Чу билан учрашув ўтказгани хабар қилинган эди.
LiveБарчаси