Трамп Гарвардни АҚШ демократияси учун таҳдид деб атади
Олам
−
24 Апрель 2922 2 дақиқа
АҚШ Президенти Дональд Трамп Гарвард университетини антисемитик муассаса деб атади ва у АҚШ демократиясига таҳдид солаётганини таъкидлади. Бу ҳақда у “Truth Social” ижтимоий тармоғида ёзди.
“Гарвард – бу антисемитик, ўта чап қанот муассаса бўлиб, у бизнинг мамлакатимизни парчалаб юборишни истайдиган дунё бўйлаб келган талабаларни қабул қилади. Бу жой – бу либерал тартибсизлик, у ерда муайян гуруҳдаги ақлдан озган телбалар аудиторияларга кириб-чиқиб, ёлғон ғазаб ва нафратни тарқатиши мумкин. Бу, ростдан ҳам, даҳшатли!” деди Трамп ўз постида.
АҚШ Президенти, шунингдек, Гарвард АҚШ демократияси учун “таҳдид” эканини қайд этди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Гарвард университети профессорлари Трамп администрациясининг федерал молиялаштиришни текшириш билан таҳдид қилишига жавобан судга мурожаат қилган эди. Кейинроқ маълум бўлишича, Трамп маъмурияти Гарвард учун 2,2 миллиард долларлик грантларни музлатиб қўйган.
Трамп ва Гарвард орасидаги қарама-қаршилик
Аввалроқ, Трамп маъмурияти талабаларнинг Фаластинни қўллаб-қувватловчи норозилик намойишларида иштирок этишини баҳона қилиб, бир қатор университетлар, жумладан Гарвард университетига федерал молиялаштиришни музлатиш билан таҳдид қилган эди. Расмийлар, шунингдек, фуқаролик ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунларга риоя қилишларини таъминлаш учун Гарвардга турли ташкилотлар томонидан ажратилган 8,7 миллиард доллардан ортиқ грантларни текшираётганини айтди.
Бунга жавобан Гарвард университети Трампнинг университетни “ислоҳ қилиш” талабларини бажармаслигини билдирди. Гарвард профессорлари федерал жамғармалар бўйича терговга қарши даъво аризаси билан мурожаат қилди.
Трамп маъмурияти, ўз навбатида, 2,2 миллиард долларлик федерал маблағлар тўхтатилиши ва 60 миллион долларлик шартноманинг тўхтатилишини эълон қилди.
Оқ уй матбуот котиби Кэролайн Ливиттнинг айтишича, музлатиш антисемитизм қонунларига риоя қилишни таъминлаш учун қилинган. АҚШ Солиқ хизмати, шунингдек, Гарвард университети учун солиқ имтиёзларини бекор қилишни кўриб чиқаётганини айтди.