Трамп Эронга сўнгги сигналларидан бирини юборди

Таҳлил

XXI аср бошида Қўшма Штатларни идора қилган кичик Жорж Бушнинг Ироққа бостириб кириш олдидан дунё ҳамжамиятига қилган мурожаатидан кейин Яқин Шарқда нималар рўй бергани ҳеч кимга сир эмас. Бир сўз билан айтганда, Бушнинг ушбу чиқиши Шарқ цивилизациясининг энг муҳим ўчоқларидан бири бўлган Ироқнинг кулини кўкка совурган жиноятнинг анонси эди. Бугун эса минтақада мана шу тақдирни такрорлаши мумкин бўлган яна бир нишон бор. Бу Эрон. Трамп ҳокимиятга келгандан буён бу борадаги хавфлар кун сайин ортиб боряпти. Ўзининг биринчи мандатида форсларга тинчлик бермаган Трамп иккинчи муддатида ҳам мазкур ишини кескин давом эттирмоқда. Хавф шундаки, АҚШнинг кечаги Ироқ ва бугунги Эронга қаратилган таҳдидлари ўртасида қатор ўхшашликлар бор. Масалан, Ироққа бостириб кириш мотиви у ерда оммавий қирғин қуроллари мавжуд дея тўқиб чиқарилган эртак бўлган бўлса, бугун Эронга қилинаётган таҳдид ҳам унинг ядровий дастурини йўқ қилиш билан боғлиқ. Ироқ босқини ташқи сиёсатда қатор кўнгилсизликларга сабабчи бўлган Буш маъмурияти даврида содир бўлган бўлса, бугун Эронга қилинаётган дўқ-пўписалар халқаро майдонда Бушдан қолишмайдиган жиноятлар қилиши мумкин бўлган Дональд Трамп томонидан амалга оширилмоқда. Муаммо шундаки, Трампда бу борада етарлича тажриба бор. 2020 йилда Қосим Сулаймонийни очиқдан очиқ йўқ қилгани ва “Эрон бомбасининг отаси” Муҳсин Фахризодага уюштирилган суиқасд буни тасдиқлайди. Шундай экан, агар воқеалар ривожи дипломатик ечим доирасидан чиқгудек бўлса, Яқин Шарқда навбатдаги тарихий кўнгилсизликлар бўлиш эҳтимоли жуда юқори. Қуйида шулар ҳақида батафсил гаплашамиз.

Можаронинг “ўт олиши”

Жорий йилда АҚШ Президенти Дональд Трамп инаугурациядан олдин ҳам, кейин ҳам Эронга максимал босим ўтказиш ва уни тубдан изоляциялаш орқали расмий Теҳронни ядровий келишув имзолашга мажбурлаши ҳақида кўп бор таъкидлади. 4 февраль куни АҚШ Президенти Дональд Трамп миллий хавфсизлик меморандумини имзолади ва унда Эроннинг ядро дастурига “максимал босим” ўтказиш кўзда тутилди. Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи эса бунга жавобан Трампнинг ядровий қурол ишлаб чиқаришдан қўрқишини асоссиз деб атаб, мамлакат Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги шартномага содиқ қолишини, қолаверса, Эронда бу фаолиятга диний тақиқ ҳам қўйилганини таъкидлаган ҳолда ядро қуролини ман қилувчи фатвога ишора қилди.

Олий раҳнамо Оятуллоҳ Али Хоманаий эса АҚШ билан музокаралар столига ўтириш бефойда эканини айтиб, бу ҳеч қандай муаммони ҳал қилмаслигини таъкидлади. Хоманаийнинг сўзларига қўшимча тарзда бугунги кунда форсларнинг энг фаол сиёсатчиси бўлиб турган Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи Эрон ҳеч қачон АҚШга енгилмаслиги ва керак бўлса, Трампнинг “босим остидаги” музокараларини ҳам қабул қилмаслигини маълум қилди.

Ушбу риторик тўқнашувлардан бир ой ўтиб, АҚШ Президенти Дональд Трамп Эрон олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаийга мамлакат ядровий дастурини муҳокама қилиш учун мактуб йўллагани маълум қилинди. Трамп шахсан ўзи “Fox Business” телеканалига берган интервьюсида Эрон раҳбарига мактуб йўллагани ва у билан ядровий келишувга эришишни афзал кўришини айтди. Оқ уйда журналистлар билан мулоқот пайтида эса АҚШ раҳбари ўз таҳдидларини янада очиқ баён қилди. Ўшанда Трамп Эрон билан муносабатлар қандай кечиши сўроқ остида экани ва олдинда барчани қизиқарли кунлар кутаётгани ҳақида оғиз очди. У, шунингдек, ўша куни Эронга жорий йилдаги илк очиқдан очиқ таҳдидини йўллади. Трамп Эрон масаласида “охирги босқичлар”га келингани, бу эса вазиятнинг жуда муҳим нуқтаси эканини айтиб ўтди. У тинчлик келишувига умид қилаётгани, аммо бундай келишув бўлмаса, бошқа вариант бу масалани ҳал қилишини қўшимча қилиб, қонли сценарийга шама қилди.

“Умид қиламанки, биз тинчлик келишувга эришамиз. Мен тинчлик келишувни афзал кўраман, бошқа вариантни эмас. Аммо агар тинчлик келишув бўлмаса, бошқа вариант бу масалани ҳал қилади”, деган Оқ уй раҳбари.

Трампнинг Эронга йўлланган хати ва талабларига жавобан мамлакат олий раҳнамоси Али Хоманаий АҚШ ҳукуматини виждонсиз деб атаб, у билан музокаралар олиб бормаслигини маълум қилди. Эрондаги иккинчи рақамли шахс, президент Маъсуд Пезешкиён эса 11 март куни АҚШга “хоҳлаган нарсасини қилиши мумкинлиги, аммо у билан босим остида ҳеч қачон музокара ўтказмаслигини айтди. Шу тариқа Трамп ва форс етакчилари ўртасидаги жангнинг биринчи раунди якунланганди.

Эронга етиб келган хат

Юқорида 7 март куни Трамп “Fox Business Network” телеканалига берган интервьюсида Эрон етакчиси Али Хоманаийга мактуб йўллагани айтилди. Аммо ўшандан сўнг, дастлаб, Эроннинг Бирлашган Миллатлар Ташкилотидаги доимий ваколатхонаси “ҳозирча бизга бундай хат келгани йўқ” дея жавоб берганди. Кейинроқ АҚШ расмийси мамлакат матбуотига берган баёнотида Трамп шундай мазмундаги мактубни ёзгани, лекин ҳали жўнатмаганини маълум қилди. Бироқ орадан кўп ўтмай, 12 март куни кечқурун, Бирлашган Араб Амирликлари Президентининг маслаҳатчиси  Анвар Гаргаш Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи билан учрашиш учун Теҳронга борди. Мамлакат матбуотининг ёзишича, ушбу ташриф вақтида Гаргаш Ароқчига АҚШ Президенти Трампнинг Эрон етакчиси Хоманаийга йўллаган мактубини топширган. Мактубда нима ёзилгани, унда қандай талаблар борлиги эса маълум вақт давомида номаълумлигича қолди. Орадан бир ҳафта ўтиб эса, Трамп хатидаги тафсилотлар ҳақида хабарлар тарқала бошлади. Жумладан, “Axios” АҚШ Президентининг Эрон олий раҳнамосига йўллаган мактубида янги ядро келишуви тузиш учун икки ой муддат белгилаганини маълум қилди. Нашр хабарига кўра, Трампнинг Хоманаийга йўллаган мактуби кескин тонда ёзилган бўлиб, унда Эрон билан янги ядро битими бўйича музокаралар ўтказиш таклиф қилинган. Борди-ю Теҳрон ушбу таклифни рад этса ва ядро дастурини ривожлантиришда давом этса, ёмон оқибатлар бўлиши ҳақида огоҳлантирилган. АҚШ Президенти “бутун умр” давом этадиган музокараларни хоҳламаслигини билдирган ва икки ойлик муддат белгилаган. Нашрга кўра, ушбу муддат қачондан бошлаб ҳисобланиши аниқ эмас. Бу муддат мактуб юборилган кундан ёки икки давлат ўртасида музокаралар бошланган вақтдан бошлаб ҳисобланиши мумкинлиги тахмин қилинди. Эроннинг тахминий ядро салоҳиятига бўлган бу қўрқувлар эса ўз-ўзидан кучайгани йўқ. Сўнгги тўрт йил ичида Эроннинг ядро дастури сезиларли даражада ривожлангани ва мамлакат ядро қуролини яратишга жуда яқин тургани кўп бор таъкидланди. Халқаро атом энергияси агентлиги (МАГАТЭ) маълумотларига кўра, Эрон ҳозирда 60 фоизгача бойитилган уран захирасига эга бўлиб, агар у 90 фоиз даражасига етказилса, олти дона ядро бомбасини яратиш учун етарли бўлиши мумкин. Бироқ шундай бўлишига қарамай, Теҳрон доимий равишда ядро қуроли яратишга интилаётганини қатъиян инкор этиб келади.

Ироқ тақдирига ишора

Бир неча соатлар олдин АҚШ президенти Дональд Трамп “NBC News”га телефон орқали берган интервьюсида Эрон ядро қуроли бўйича келишувга эришмаса, мисли кўрилмаган бомбардимонларга дуч келиши муқаррарлигини айтгани ҳақида хабарлар тарқалди. Бу билан Оқ уй раҳбари Теҳронга кенг кўламдаги ҳарбий ҳаракатлар билан таҳдид қилди. Трамп бу сафар ўз услубида расмий Теҳронга босим ўтказган ҳолда, ядровий битим имзоланмаса,  Эрон бомбардимон қилинишини айтиб, форс расмийларига жиддий ва кўп эҳтимол сўнгги огоҳлантиришларидан бирини йўллади. Мазкур таҳдид эса март ойи бошида Трамп томонидан айтилган “охирги босқич” анча яқин эканидан далолат бераётгандек таассурот уйғотяпти. Кўп эҳтимол, сўнгги сигналлардан бири дея тахмин қилинишининг сабаби эса олдин ҳам таъкидланганидек, Трамп Эрон билан мунозараларда кўп ўйлаб ўтирмаслиги деярли барчага маълум. Ўз вақтида Яқин Шарқнинг энг қудратли шахсларидан бири бўлган Эроннинг ҳарбий лидери Қосим Сулаймонийнинг шов-шувли ўлдирилиши бунга яққол мисолдир. Шундай экан, бугун АҚШ ва Эрон ўртасидаги ядровий келишув масаласи аллақачон “хавфли чегара” ёқасида. Бу эса яқин кунларда ҳамма нарса, жумладан, 2003 йилги Жорж Бушнинг нутқи Трамп мисолида такрорланиши ва кейинги воқеалар ҳам ўша машъум сценарий бўйича аланга олиш эҳтимоли борлигини англатади.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг