Трамп Эронга ҳеч қандай пул ажратилмаганини маълум қилди
Олам
−
28 Июнь 3721 2 дақиқа
Аввалроқ, CNN телеканали ўзининг тўрт нафар манбасига таяниб, АҚШ Президенти Дональд Трамп маъмурияти Эрон уранни бойитиш ва ядровий бомба яратишдан воз кечса, унга 30 миллиард доллар миқдорида ёрдам ажратиш масаласини муҳокама қилаётгани ҳақида хабар берганди. Трамп ушбу иддаолар ёлғон экани ҳақида айтди. Бу ҳақда Оқ уй раҳбари ўзининг Truth Social тармоғида ёзиб қолдирди.
Оқ уй раҳбарининг сўзларига кўра, матбуотда тарқалаётган янгиликлар мутлақо асоссиз ва ҳақиқатга тўғри келмайди.
“Оммавий ахборот воситаларида сохта янгиликлар тарқатувчилар шармандали одамлар саналади. Гўёки, “Президент Трамп Эронга 30 миллиард доллар бермоқчи эмиш”. Бу каби хабарларга асос йўқ”, дея ёзади Трамп.
У шунингдек, бу каби хабарлар АҚШ раҳбарининг обрўсини туширишга қаратилгани ва тарқатувчилар касал экани ҳақида ҳам билдирган.
“Мен бу бемаъни ғояни ҳеч қачон эшитмаганман. Бу – яна бир ёлғон, сохта хабар, фақат обрўйимни тушириш учун тарқатилган. Бу одамлар ҳақиқатдан ҳам касал”, дея қўшимча қилган АҚШ Президенти.
CNN каналининг ёзишича, ушбу маблағлар Эроннинг тинч ядровий дастурини ривожлантириш учун мўлжалланган бўлиб, пуллар АҚШдан эмас, балки Исроил ва Эрон ўртасидаги урушдан аввал бу масалада суҳбатлашилган араб давлатларидан келиши кўзда тутилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эрон парламенти Халқаро атом энергияси агентлиги (МАГАТЭ) билан ҳамкорликни тўхтатишни маъқуллаган эди. АҚШнинг жорий йилнинг 22 июнга ўтар кечаси уюштирган ҳужумидан ҳам олдин Эрон МАГАТЭ ходимларининг ўз ядровий объектларига киришини кескин чеклаганди.
Агентлик маълумотига кўра, жорий йилнинг май ойи ўрталарига келиб, Эрон тахминан 409 кг юқори даражада бойитилган уранга эга бўлган. Бу миқдор тахминан ўнта ядро қуроли ишлаб чиқиш учун етарли бўлиши мумкин. МАГАТЭ раҳбари Рафаэль Гросси бу моддалар қаерда сақланаётганини аниқлаш имкони йўқлигини билдирган. Эрон эса бу захираларни ҳужумлардан аввал бошқа жойга кўчириб улгурганини даъво қилган.
Live
Барчаси