Трамп 2024 йилги сайловлар бўйича қарорини эълон қилди

Олам

image

АҚШнинг собиқ Президенти Дональд Трамп 2024 йилда бўлиб ўтадиган президентлик сайловларида иштирок этиш бўйича ўз қарорини аллақачон қабул қилган. Бу ҳақда у кеча, 14 июль куни “Intelligencer” нашрига берган интервьюсида айтиб ўтди.

“Ўзим учун мен аллақачон қарор қабул қилдим, шунинг учун энди унга ҳеч қандай омиллар таъсир қилмайди. Руҳий жиҳатдан қарор аллақачон қабул қилинган”, деган Трамп.

“Intelligencer” маълумотларига кўра, Трамп 4 июль куни Мустақиллик кунида президентликка номзодини қўйиш режасини эълон қилмоқчи бўлган, бироқ унинг фарзандлари, шунингдек, сенатор Линдси Грэм ва Вакиллар палатасидаги республикачи озчилик етакчиси Кевин Маккарти уни бу ниятидан қайтарган. Собиқ Президент бу маълумотни рад этиб, 4 июль “эълон қилиш учун энг яхши вақт эмас”, чунки кўпчилик байрамларда дам олиш учун кетишини айтган.

Трамп 2021 йил февраль ойида Флорида штатининг Орландо шаҳрида бўлиб ўтган АҚШ консерватив доиралари конференциясидаги нутқи чоғида давлат раҳбари лавозими учун курашда яна иштирок этиши мумкинлигини тан олганди. Кейинроқ у аниқлик киритиб, АҚШ Конгрессига оралиқ сайловлардан сўнг якуний қарорни қабул қилиш ниятида эканлигини эълон қилган.

Маълумот учун, 2021 йилнинг 6 январида республикачи Трамп тарафдорлари 2020 йилнинг ноябрида ўтказилган президентлик сайлови натижаларини тасдиқлашга тўсқинлик қилиш мақсадида Конгресс биносига бостириб кирганди. Негаки сайловда демократ Жо Байден ғалаба қозонганди. Бино ичидаги тартибсизликлар вақтида полиция бир намойишчини отиб ўлдирган. Тўқнашувлардан кейин Капитолий полицияси ходими ҳалок бўлган.

Трамп 2020 йилги президентлик сайлови натижаларидан норози бўлиб, узоқ вақт баҳслашди, у ва бошқа республикачилар овоз беришда тизимли қоидабузарликлар бўлганини даъво қилди. Улар бир неча штатларда овозларни қайта санаб чиқишни талаб қилиб, судларга бир неча бор мурожаат қилишган. Бироқ, республикачиларнинг ҳаракатлари муваффақиятли бўлмади, уларнинг даъволари судлар, жумладан, АҚШ Олий суди томонидан рад этилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Дональд Трамп

Баҳолаганлар

149

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг