Трамп Ҳиндистон товарларига 25 фоизлик божларни бекор қилади
Олам
−
08:45 806 2 дақиқа
Бугун, 7 февралдан бошлаб АҚШ Ҳиндистондан импорт қилинадиган товарларга жорий этилган 25 фоизлик божларни бекор қилади. Бунга Нью-Деҳлининг Россия нефтини харид қилишни тўхтатишга ваъда бергани сабаб бўлган. Бу ҳақда Оқ уйнинг ижтимоий тармоқларида хабар берилди.
Маълум қилинишича, АҚШ Президенти Дональд Трамп Россиядан нефть харид қилгани учун Ҳиндистонга нисбатан жорий этилган 25 фоизлик божларни бекор қилиш тўғрисидаги қонунни имзолаган.
Қонун 2026 йилнинг 7 февраль куни Шарқий стандарт вақт билан соат 12:01 да (Тошкент вақти билан 22:00) кучга киради. Ҳужжатда айтилишича, шу вақтдан бошлаб Ҳиндистондан АҚШга импорт қилинадиган маҳсулотларга энди қўшимча 25 фоизлик адвалор бож ставкаси қўлланилмайди.
“Менинг фикримча, ушбу ўзгартириш миллий фавқулодда вазиятни ҳал этиш учун зарур ва ўринлидир”, деган Трамп.
У шунингдек, Ҳиндистон Россия Федерациясидан тўғридан тўғри ёки билвосита нефть импортини тўхтатиш мажбуриятини олгани, АҚШдан энергия маҳсулотлари харид қилишини билдиргани ҳамда келгуси 10 йил ичида мудофаа соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш бўйича келишув тузгани ҳақида маълум қилган.
Шундан сўнг Оқ уй яна бир баёнот эълон қилган. Унда АҚШ ва Ҳиндистон савдо бўйича асосий, вақтинчалик келишувга эришгани айтилган. Ҳужжатга кўра, Ҳиндистон келгуси беш йил давомида АҚШдан 500 миллиард доллар миқдорида энергия маҳсулотлари, авиация техникаси ва эҳтиёт қисмлари, қимматбаҳо металлар ҳамда технологик маҳсулотлар харид қилишни режалаштирмоқда. Бунинг эвазига Нью-Деҳли АҚШнинг барча саноат маҳсулотлари, шунингдек, кенг турдаги озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига нисбатан божларни бекор қилиши ёки камайтириши шарт бўлади.
Бундан ташқари, Ҳиндистон ва АҚШ технологик маҳсулотлар савдосини сезиларли даражада кенгайтиради. Бу график процессорлар, маълумотлар марказларида фойдаланиладиган бошқа маҳсулотлар ҳамда қўшма технологик ҳамкорликни ривожлантиришни ҳам ўз ичига олади.
Live
Барчаси