“Тожсиз қирол” 33 ёшга тўлди

Спорт

image

Бугун, 5 февраль куни яна бир футбол афсонаси бразилиялик Неймарнинг туғилган куни. Фаолиятининг чўққисига чиқишига жароҳатлар халақит бергандир, аммо у ҳам футбол мухлисларининг ёдида қолди.

Неймарни кашф этган “Сантос”

Неймар Жуниор 1992 йилнинг 5 февралида Бразилиянинг Сан-Паулу штатида туғилган. Бошқа бразилиялик футболчилар каби у ҳам қашшоқ оилада вояга етган. Неймар 1999 йилдан бошлаб “Сантос” клуби тарбияланувчиси ҳисобланади. У асосий жамоага ўтмасдан туриб, Европанинг бир қанча ТОП клублари эътиборига тушди. “Манчестер Сити”, “Барселона”, “Реал Мадрид”, “Арсенал”, “Челси”, “Милан” клублари футболчини ўз сафига қўшиб олмоқчи бўлади. Ҳаттоки 14 ёшида “Реал Мадрид” академиясига ҳам боради.

2008 йилда Неймар ўзининг профессионал шартномасини “Сантос” билан бирга имзолайди. Клуб сафида 2013 йилга қадар фаолият олиб борган Неймар жамоа таркибида расмий ўйинларда умумий 103 та ўйинда майдонга тушиб, 54 та гол уришга муваффақ бўлади. У “Сантос” билан бирга Паулиста лигасида уч марта зафар қучади. Бразилия кубоги, Либертадорес Кубоги ва Рекопа Жанубий Америка кубогини қўлга киритади.

“Барселона”да шуҳрат қозонган Неймар

“Сантос”даги ёрқин ўйинлари билан мухлис-у мутахассисларни ўзига жалб эта олган Неймар 2013 йилнинг 26 майида 50 миллион евро эвазига “Барселона”га кўчиб ўтади. Унинг Каталония клубидаги маоши йилига 7 миллион евро этиб белгиланди. 2013 йилнинг 3 июнида “Камп Ноу”да у расман  “Барселона” футболчиси сифатида таништирилади. Клуб сафидаги илк мавсумида бразилиялик футболчи Ла Лига доирасида 9 та, Испания кубоги доирасида 1 та, Чемпионлар лигасида 4 та ва Испания Суперкубоги баҳсларида 1 та, умумий 9 та гол уришга муваффақ бўлди ва 12 та голли узатмани амалга оширди.

“Барселона” таркибида барча мусобақаларда умумий 123 та ўйинда майдонга тушиб, 68 та гол уришга муваффақ бўлди. Жамоа билан 2 карра Ла Лига ва 3 карра Испания кубогида, шунингдек, 1 мартадан Испания Суперкубоги, Европа Чемпионлар лигаси, UEFA Суперкубоги, клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида зафар қучди.

Футбол тарихидаги энг қиммат трансфер

“Барселона”даги ёрқин фаолиятдан кейин Неймар кутилмаганда жамоани тарк этишга қарор қилади ва 2017 йилнинг 3 августида бонуслар билан ҳисоблаганда 222 миллион евро эвазига Парижнинг ПСЖ клубига кўчиб ўтди. Шу тариқа, “Барселона”даги МСН триосига путур етди. 

Парижликлар сафида 2017 йилдан 2023 йилга қадар тўп тепган Неймар клуб таркибида барча мусобақаларда 112 та ўйинда майдонга тушиб, 82 та гол уришга муваффақ бўлди. Жамоа билан 5 карра Франция чемпиони, 3 мартадан Франция кубоги ва Суперкубоги ва 2 марта Франция Лига кубогига эга чиқди.

Саудия Неймарни пулга кўмди

2023 йилнинг 15 августида бир қатор футбол юлдузлари каби Неймар ҳам Саудияга кўчиб ўтишга қарор қилади ва мамлакатнинг энг совриндор клуби аъзосига айланади. ПСЖ бу трансфердан 90 миллион евро ишлаб олди. Футболчининг ўзи эса йилига 100 миллион евро маош олиши белгиланди. Аммо жароҳатлар уни бу клубда ҳам ёрқин фаолият олиб боришга йўл қўймади. Париждан жароҳати билан келган футболчи Саудиядаги фаолияти бошланишига улгурмасдан яна жароҳат олди ва узоқ муддатга сафдан чиқди. Клуб сафида у 3 та ўйинда майдонга тушди ва 1 та гол уришга муваффақ бўлди.

Дайди ўғил “Сантос”га қайтди

Жароҳатлар сабаб ўзини кўрсата олмаган Неймарни Саудия шайхлари сотишга қарор қилди ва у охир оқибат 2025 йилнинг январь ойида ўзининг қадрдон клуби “Сантос”га қайтди. Жамоа ҳам Неймарни илиқ кайфиятда кутиб олди. Неймар ҳам таништирув маросимида ҳиссиётларини жиловлай олмади ва кўз ёш билан мухлислар қаршисига чиқди.

33 ёшни қарши олган Неймар футболчилик фаолияти давомида умумий 719 та ўйинда майдонга тушиб, 439 та гол урди ва 279 та ассист амалга оширди. Неймар фаолиятида жароҳатлар бўлмаганида балки “қирол” бўла оларди. Аммо у кўпчиликнинг ёдида “тожсиз қирол” номи билан қолмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Барселона Неймар Бразилия Сан-Паулу Сантос

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг