Тожикистондан олиб келинган жами 25,8 кг “гашиш”ни сотаётганлар аниқланди (видео)
3-саҳифа
−
29 Июнь
5901Фарғона ва Сурхондарё вилоятларида Тожикистондан олиб келинган гиёҳвандлик моддалари мусодара қилинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Сурхондарё вилоятида 1999 йилда туғилган, бир-бирига қариндош бўлган 2 нафар маҳаллий фуқаро айланма йўллар орқали тожикистонлик наркосавдогар томонидан юборилган 11 кг 942 гр “гашиш” моддасини қабул қилиб олиб, Шўрчи туманидаги тўйхона яқинида жойлашган симёғоч остига яшириб кетмоқчи бўлган вақтида қўлга олинган. Шунингдек, улар гиёҳванд моддани белгиланган жойга қолдириб кетганларидан сўнг, уни олиб кетмоқчи бўлган Узун туманида яшовчи, 1987 йилда туғилган фуқаро ҳам ушланган.
Фарғона вилоятидаги ҳолатда эса “Қўқон-Фарғона” йўналишида ҳаракатланаётган Тracker автомашинаси Бағдод туманида тўхтатилганда, унда Фарғона шаҳрида яшовчи, 1974 ва 1988 йилларда туғилган 3 нафар шахс 11 кг 966 гр “гашиш” моддасини олиб кетаётганликлари аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинган. Шу билан бирга, уларни бошқа машинада кузатиб бораётган ва гиёҳвандлик воситасининг ҳақиқий эгаси бўлган Фарғона шаҳрида яшовчи, 1990 ва 1993 йилларда туғилган эр-хотин ҳам қўлга олинган. Аниқланишича, улар Тожикистондан контрабанда йўли билан олиб келинган моддани Қўқон шаҳрида яшовчи 1986 йилда туғилган аёлдан сотиб олган. Сотувчи ҳам процессуал тартибда ушланган.
Бундан ташқари, ушбу йўналишда кетаётган Nexia автомобили Қўштепа тумани ҳудудида тўхтатилганда, унда йўловчи сифатида кетаётган Қўқон шаҳрида яшовчи 1997 йилда туғилган аёлга тегишли 1 кг 941 гр “гашиш” моддаси борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди. Маълум бўлишича, у ушбу гиёҳванд моддани Қўқон шаҳрида яшовчи аёлдан сотиб олган ва сотиш учун Марғилон шаҳрига олиб кетишни режа қилган.
LiveБарчаси