Тожикистонда Сарез кўли яқинида яна зилзила содир бўлди

Олам

image

Бугун, 28 февраль куни эрталаб Тожикистоннинг Тоғли Бадахшон мухтор вилоятида Сарез кўли яқинида беш балли янги силкинишлар қайд этилди. Бу ҳақда Тожикистон Фавқулодда вазиятлар қўмитаси матбуот хизмати хабар берди. 

“Мамлакат сейсмология институти маълумотларига кўра, 2023 йил 28 февраль куни маҳаллий вақт билан 09:21 да Тожикистон Республикаси ҳудудида зилзила қайд этилган. Зилзила эпимаркази Душанбе шаҳридан 390 км жануби-шарқда, Мурғоб вилоятидан 58 км ғарбда ва Сарез кўлидан 63 км шарқда, Тоғли Бадахшон мухтор вилоятининг Мурғоб тумани ҳудудида жойлашган”, дейилади хабарда. 

Фавқулодда вазиятлар қўмитаси маълумотларига кўра, зилзила марказида зилзила кучи беш баллни, Хоруғ шаҳрида эса уч баллни ташкил этган. Қурбонлар ва вайронагарчиликлар йўқ. 

Сўнгги беш кун ичида бу Мурғоб тумани маркази ва Сарез кўли оралиғида Тоғли Бадахшон мухтор вилояти тоғларида қайд этилган тўртинчи зилзиладир. 

Аввалроқ Тожикистон Фавқулодда вазиятлар қўмитаси зилзилалар хавфли вазият яратмагани, кўлнинг табиий тўғони – Усой тўғони ёрилиши билан боғлиқ хавотирга асос йўқлигини маълум қилганди. 

Кўл Тожикистон Помир тоғ тизмасида 1911 йилда вайронкор зилзила натижасида пайдо бўлган. Узунлиги 55,8 км бўлган кўлда 16 куб кмдан ортиқ сув бор. Тожик Помирининг сейсмик фаол зонасида жойлашгани учун кўл доимий равишда кечаю кундуз кузатув остида. Мутахассисларнинг фикрича, табиий тўғон ёрилиб кетган тақдирда катта миқдорда сув тошқини юзага келади, нафақат Тожикистон, балки Ўзбекистон, Қирғизистон ва Туркманистон ҳудудлари ҳам офат зонасида бўлиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 23 февраль куни Тожикистонда 9 маротаба зилзила содир бўлган эди. Мамлакат Фавқулодда вазиятлар давлат қўмитаси зилзила оқибатида Сарез кўлига зарар етмаганини маълум қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Сарез кўли Тожикистонда зилзила

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг