Курс UZS

USD

12 993.15

-10.8

EUR

13 619.42

65.4

RUB

143.87

0.67

Тожикистонда мобил интернет нархлари пасайтирилади

Олам

image

Тожикистон Алоқа хизматининг янги раҳбари Исфандиёр Саъдулло мамлакатда яқин орада интернет нархларининг арзонлашишига ваъда берди. Бу ҳақда у бугун, 29 январь куни журналистлар билан бўлган матбуот анжуманида айтди.

Тожикистон узоқ вақтдан бери Марказий Осиёдаги энг қиммат интернетга эга давлатлардан бири мақомини мустаҳкам эгаллаб келмоқда. Минтақадаги интернет учун тўловни фақат Туркманистон кўпроқ тўлайди.

“Global Relocate” томонидан тузилган 2024 йил учун интернет-трафик нархи рейтингига кўра, Тожикистон 1 гигабайт учун ўртача 1,65 долларлик нарх билан дунёнинг 238 та давлати орасида 142-ўринни эгаллади. Таққослаш учун, Қирғизистонда 1 гигабайт ўртача 0,17 доллар (дунёда 8-ўрин), Ўзбекистонда – 0,30 доллар (22-ўрин), Қозоғистонда – 0,41 доллар (35-ўрин) туради. Бошқача айтганда, Тожикистонда интернет Қирғизистонникидан деярли 9,5 баробар, Ўзбекистонникидан 5,5 баробар, Қозоғистонникидан 4 баробар қимматроқ.

Шу билан бирга, “Speedtest Global Index” рейтингида 2024 йилнинг июль ойи ҳолатига кўра, Тожикистон мобил интернет энг секин бўлган дунёнинг 5 та давлати (дунёнинг 143 мамлакати орасида 139-ўрин) қаторига кирди ва симли интернет тезлиги бўйича у дунёнинг 181 давлати орасида 131-ўринни эгаллади.

Алоқа хизмати маълумотларига кўра, 2024 йилда мамлакатнинг телекоммуникация соҳаси даромади 2023 йилга нисбатан 11,3 фоизга ошган ва 4,3 миллиард сомонийни ташкил қилган.

Саъдуллонинг таъкидлашича, сўнгги бир неча йил ичида мамлакатда интернет сифати яхшиланган, бироқ фойдаланувчилар сони кўпайган ва бу қўшимча “юк туғдирган”.

Тожикистон Республикасида интернетдан (мобил ва стационар) фойдаланувчилар сони 4,5 миллион кишини ташкил этади.

Исфандиёр Саъдулло мамлакатдаги интернет муаммоси тўлиқ ҳал бўлиши учун аниқ қанча вақт кетишига аниқлик киритмади. Унинг сўзларига кўра, ҳозирда учта мобил компания 5G интернет билан тажриба ўтказмоқда.

Мамлакатда 8 миллион мобил ва стационар алоқа фойдаланувчилари мавжуд бўлиб, уларнинг 5 миллиондан ортиғи фаол абонентлардир.

Маълумотларга кўра, ўтган йили алоқа сифатини ошириш мақсадида 798 та янги база станциялари ўрнатилиб, 300 километр оптик толали линиялар ётқизилган. Шу билан бирга, фойдаланувчилар ўтган йил давомида интернет тезлиги пастлиги ва алоқа узилишлари ҳақида шикоят қилишда давом этди.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йилнинг апрель ойида мамлакатдаги ўртача иш ҳақи асосида мобил интернет мавжудлигини баҳоловчи Мобил маълумотларнинг арзонлиги индексида (Mobile Data Affordability Index) Ўзбекистон 179 давлат орасида 43-ўринни эгаллаганди. Ўшанда МДҲ давлатларидан мобил интернет мавжудлиги бўйича Россия 26, Арманистон 55, Беларусь 61, Қозоғистон 63, Қирғизистон 90, Озарбайжон 114, Тожикистон 163-ўринни эгаллаганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Тожикистон Марказий Осиё Исфандиёр Саъдулло интернет нархлари

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг