Тожикистонда қурилиши 12 йил аввал бошланган масжид очилади

Олам

image

Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳри марказида Қатар давлати маблағлари эвазига қурилган энг йирик масжид очилади. Бу ҳақда Тожикистоннинг дин ишлари, урф-одатлар ва маросимларни тартибга солиш қўмитаси манбасига таяниб, “Asia-plus” нашри хабар берди.

Унга кўра, масжиднинг очилиш маросими жорий йилнинг 8 июнь куни бўлиб ўтади. Унда Тожикистон ва Қатар давлатлари раҳбарлари иштирок этиши кутилмоқда.

“Қатар Амири Тамим ибн Ҳамад Аль Тани Тожикистонга июнь ойи бошида расмий ташриф билан келади. 8 июнь куни мамлакат Президенти Имомали Раҳмон ва Амир ушбу масжид очилишида қатнашиши мумкин”, дейилади хабарда.

Мамлакат расмийлари Қатар делегациясининг Тожикистонга ташрифини тасдиқлаган, аммо кимлар келиши ҳозирча номаълум.

Жорий йилнинг февраль ойида бўлиб ўтган матбуот анжуманида мамлакат дин ишлари, урф-одатлар ва байрамларни тартибга солиш қўмитаси раҳбари Сулаймон Давлатзода ушбу масжид 2023 йилнинг иккинчи чорагида очилишини маълум қилган.

Таъкидланишича, бу Тожикистондаги энг катта масжид бўлиб, у бир вақтнинг ўзида 100 000 дан ортиқ кишининг ибодат қилиши учун мўлжалланган. Масжид қурилиши 2011 йил октябрь ойида бошланган ва 8 йил давом этган. Қурилиш 2019 йилда қуриб битказилган ва ўша йилнинг ноябрь ойида очилиши керак эди. Аммо кейинчалик очилиш маросими 2020 йилнинг март ойига, кейин эса пандемия туфайли номаълум муддатга қолдирилган.

Лойиҳанинг қиймати қарийб 100 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Шундан 30 миллион АҚШ доллари Тожикистоннинг ҳиссасига тўғри келган бўлса, қолган қисми Қатар давлати томонидан амалга оширилган.

Масжид 12 гектар майдонда жойлашган бўлиб, ибодат жойлари, кутубхона, музей, йиғилиш ва қабул хоналари, маъмурий бинолар, ошхона ва 500 та автомобиль учун автотураргоҳни ўз ичига олади. У меъморий санъатнинг қадимий ва замонавий элементларини ҳисобга олган ҳолда қурилган ва баландлиги 75 метр бўлган 4 та минора ва 47 метрли гумбаздан иборат.


Мақола муаллифи

Теглар

Тожикистон масжид

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг