Тожикистонда диний либослар расман тақиқланди
Олам
−
22 Июнь
16293Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон байрам ва маросимларни тартибга солиш ҳамда миллий қадриятларга ёт кийим кийишни расман тақиқловчи қонунларнинг янги таҳририни тасдиқлади. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.
Тожикистон раҳбари 35 та қонунни, жумладан, байрам ва маросимларни тартибга солиш ҳамда ота-оналарнинг фарзандлар таълим ва тарбияси учун жавобгарлиги, исрофгарчиликни, мусулмон байрамларида болаларнинг анъанавий байрамларини ўтказишни ва аёлларнинг тожик миллий маданиятига зид бўлган кийим кийишини тақиқлаш тўғрисидаги қонунларнинг янги таҳририни қабул қилди.
Имомали Раҳмон 2024 йил март ойида жамоат ва дин арбоблари билан бўлиб ўтган учрашувда миллий либослар ўз халқининг ўтмишдаги моддий ва маънавий қадриятларини акс эттириши, дунё тожикларнинг миллий кийим-кечак шакли ва услубидан халқни таниб олиши лозимлигини таъкидлаган эди. У, шунингдек, тожик миллий либослари жаҳон миқёсида, жумладан, UNESCO томонидан эътироф этилганини эслатди.
“Кийим-кечакда ёт маданиятга тақлид қилиш, яъни “сатр” ва “ҳижоб” деб аталмиш ёт кийим кийиш жамиятимиз учун яна бир долзарб муаммодир. Одоб-ахлоқ ва кийиниш анъаналарининг бегоналашуви – тафаккур мустақиллигига путур етказувчи маданий бегоналашувдир”, дейди Тожикистон етакчиси.
У республика Хотин-қизлар ва оила масалалари қўмитасига тожик дизайнерлари билан биргаликда тожик аёлларининг диний ва ахлоқий эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда миллий либослар дизайнини ишлаб чиқиш ва тақдим этиш тўғрисида топшириқ берди.
“Шу нуқтайи назардан ҳақиқатимиз ва миллий қадриятларимизни ҳимоя қилиш учун диний эҳтиёжларимизга жавоб бермайдиган, урф-одат ва маданиятимизга ёт, диний либослар кириб келишидан қочишимиз керак”, дея таъкидлади Раҳмон.
Маълумот ўрнида, жорий йилнинг май ойида Тожикистон парламентининг қуйи палатаси, 19 июнда эса юқори палата 2007 йилда “Республикадаги маросимларни тартибга солиш тўғрисида”ги қонунга тожик маданиятига ёт кийим-кечакларни олиб кириш, сотиш ва кийишни тақиқлашни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритишни тасдиқлади.
Бундан ташқари, болалар хавфсизлиги ва уларнинг тарбиясини таъминлаш мақсадида мусулмонларнинг Қурбон ва Рамазон ҳайити байрамларида болаларнинг уйма-уй юриб, аҳолидан ширинлик олиш анъаналарига тақиқловчи тузатишлар ҳам киритилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тожикистон Уламолар кенгаши раиси Саидмукаррам Абдуқодирзода “хорижий кийим” (диний либослар)ни тақиқловчи қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлаганди.