Тожикистонда чўкиб кетган 10 ёшли қизнинг жасади Ўзбекистондан топилди
Олам
−
13 Март
13581Ўзбекистоннинг Сирдарё вилоятидаги каналлардан биридан Тожикистонда бир ойдан кўпроқ вақт олдин ғойиб бўлган 9 ёшли қизнинг жасади топилди. Бу ҳақда “Asia-Plus” нашри хабар берди.
Тожикистон Фавқулодда вазиятлар ва фуқаролик мудофааси қўмитаси Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигидан қизни топишда ёрдам сўраган.
Тожикистон томонининг сўровига асосан жорий йилнинг 2-12 март кунлари Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ғаввос-қутқарув хизмати Сирдарёда қидирув ишларини олиб борган. Қидирувга Ўзбекистоннинг Сирдарё вилояти Ширин шаҳри яқинидаги қишлоқлар аҳолиси ҳам жалб қилинган.
“Олиб борилган қидирув ишлари натижасида қизнинг жасади 12 март куни соат 15:15 да Сирдарё вилояти Ширин шаҳри ҳудудидан оқиб ўтувчи Жанубий Мирзачўл каналининг ўнг қирғоғидан топилди”, дейилади хабарда.
Шунингдек, ҳозирда Ўзбекистон қонунчилигига мувофиқ қизнинг жасади Сирдарё вилоятининг Боёвут туманидаги тиббиёт муассасаси ўликхонасига топширилгани, сўнгра қариндошларига берилгани қайд этилган.
Маълумотларга кўра, қизалоқ 2024 йил 7 февраль куни Хўжандда ғойиб бўлган. Уни охирги марта Сирдарё соҳилидаги Камоли Хўжанди боғи яқинидаги Раҳмон Набиев кўчасидан олинган видеода кўришган.
Унинг уйи шу ҳудудда бўлган. Видеода қизнинг йўл бўйлаб югуриб, дарё қирғоғига тушиб қолганини кўриш мумкин. Шундан сўнг у ғойиб бўлади.
Бутун февраль ойи давомида йўқолган қизнинг жасадини қидириш ишлари Хўжанд ва Сўғд вилояти фавқулодда штаблари томонидан олиб борилган. Шаҳар ва туман бошқармаларининг тезкор отрядидан ғаввослар жалб қилинган.
Тожикистон Фавқулодда вазиятлар ва фуқаролик мудофааси қўмитасининг Сўғд бўйича раҳбарияти узоқ давом этган қидирувлардан сўнг етарли далиллар йўқлиги сабабли қиз дарёга чўкиб кетмаган бўлиши мумкинлигини тахмин қилганига қарамай, қизнинг ота-онаси фарзандининг чўкиб кетганини билдирган.
LiveБарчаси