Тожикистонда барча ўқитувчилар ҳарбий хизматдан озод этилди

Олам

image
Президент ўқитувчилар учун янги имкониятларни эълон қилди north_east

Президент ўқитувчилар учун янги имкониятларни эълон қилди

Ҳар йили ўқитувчилар чет элга малака оширишга юборилади north_east

Ҳар йили ўқитувчилар чет элга малака оширишга юборилади

Тожикистонда “Ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги қонунга ўзгартириш киритилиб, эндиликда мактаб ўқитувчилари касбий фаолияти давомида мажбурий ҳарбий хизматдан озод этилади. Илгари бу имтиёз фақат қишлоқ ўқитувчиларига тааллуқли эди. Бу ҳақда “Asia-Plus” хабар берди.

Тузатишлар Олий Мажлиси Намояндагон томонидан тасдиқланди. Улар кучга кириши учун Мажлиси Миллий томонидан тасдиқланиши, Президент томонидан имзоланиши ва расмий матбуотда эълон қилиниши керак.

Мамлакат Таълим ва фан вазирлигининг нашрга маълум қилишича, 15 октябрь куни парламент йиғилишида вазирнинг биринчи ўринбосари Хомид Ҳошимзода қонунга киритилган ўзгартишлар лойиҳасини тақдим этган. У ўзгартиришлар ўқитувчилар мақомини ошириш ва таълим муассасаларида ўқитувчилар етишмаслигини бартараф этиш мақсадида киритилаётганини таъкидлаган.

“Ўқитувчилар мақоми тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг 5-моддаси 11-бандида “Ўқитувчилик фаолияти даврида мажбурий ҳарбий хизматни кечиктириш” банди назарда тутилган”, деди Ҳошимзода.

Шунингдек, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни мувофиқлаштириш мақсадида “Ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги қонуннинг 31-моддаси 4-банди иккинчи қисмидаги “умумий таълим қишлоқ мактаблари” деган сўзлар “умумий таълим мактаблари” деган ибора билан алмаштирилиши зарурлигини таъкидлади.

Қонунда шу пайтгача фақат олий педагогик маълумотга эга ва қишлоқ мактабларида ишлаётган ўқитувчилар ҳарбий хизматдан озод қилинган эди. Эндиликда қонунга киритилган ўзгартишлар кучга киргандан сўнг, ушбу имтиёз иш жойидан қатъи назар, барча ўқитувчиларга татбиқ этилади.

Тожикистон мактабларида ўқитувчилар етишмаслиги сўнгги йилларда ҳам долзарб муаммо бўлиб қолмоқда. Мамлакат Таълим ва фан вазири Раҳим Саидзоданинг сўзларига кўра, 2025-2026 ўқув йили бошида мамлакат мактабларида 3800 дан ортиқ ўқитувчи етишмас эди. Лекин жорий йилда ОТМларда 13 минг талаба ўқитувчилик дипломини олган.

Мутахассисларнинг фикрича, мактабларда кадрлар танқислигининг асосий сабаблари сифатида айрим ўқитувчиларнинг мажбурий ҳарбий хизматга чақирилиши, шаҳар ва туман раҳбарларининг ер участкаси ажратиш бўйича берган ваъдаларини бажармагани, ўқитувчиларга берилган бошқа имтиёзларнинг амалга оширилмагани сабаб бўлмоқда.

Бу масалани ҳал этиш учун ҳукумат “Ўқитувчилар мақоми тўғрисида”ги қонун лойиҳасини таклиф этиб, у Мажлиси Намояндагон томонидан қабул қилинди. Мазкур қонун биринчи марта ўқитувчиларнинг ҳуқуқий, ижтимоий ва молиявий ҳолатини алоҳида меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат билан белгилаб берди.

“Ўқитувчилар мақоми тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш Тожикистон Президенти Имомали Раҳмоннинг ўтган йили берган топшириғига асосан бошланган эди. Президент жорий ўқув йили бошланганда таълим соҳасидаги муаммоларга тўхталиб, ўқитувчиларнинг жамиятдаги обрў-эътибори ва мавқейи пасайиб бораётганини айтиб, тегишли қонун лойиҳасини ишлаб чиқишни топширганди.

Ушбу қонун ўқитувчиларнинг қадр-қиммати ва ҳуқуқларини ҳимоя қилади ва уларни мактабларда тозалаш кунлари ва пул йиғишларига жалб қилишни тақиқлайди. Ўқитувчилар ҳам ҳақорат ва босимдан ҳимояланади. Қолаверса, қонун уларга ижтимоий кафолатлар, жумладан, устувор ер ажратиш ва уй-жой билан таъминлашни назарда тутади.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг