Тожикистонда аёл кўкатли сомсадан заҳарланиб вафот этди
Олам
−
12 Август 2023
4663Тожикистоннинг Исфара вилоятида бир оиланинг тўрт аъзоси кўкатли сомсадан заҳарланди, оқибатда улардан бири 10 август куни шифохонада вафот этди. Бу ҳақда “Asia-Plus” хабар берди.
Қайд этилишича, оила вакили Фотиманинг ижтимоий тармоқлар орқали ёрдам сўраб мурожаат қилганидан сўнг, вазият мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ўрганилган.
Исфара шифохонасида аниқ ташхис қўя олишмагани учун, Соғлиқни сақлаш вазирининг буйруғи билан дастлаб икки нафар бола, 6 ёшли Мустафохўжа, 10 ёшли Абдуллохон, кейинроқ уларнинг ота-онаси 53 ёшли Абдумавлон Раҳимов ва 44 ёшли Муқаддас Маҳмудова ҳам Душанбедаги шифохонага ўтказилган.
Шундан сўнг, оиланинг ҳар тўрт аъзосига “Иккинчи даражали токсик коагулопатия” ташхиси қўйилган.
Дастлабки маълумотларга кўра, 44 ёшли аёл пойтахтдаги касалхонага ётқизилганидан сўнг ўзини яхши ҳис қила бошлаган, бироқ тўсатдан соғлиғи ёмонлашган ва кўп қон кетиши оқибатида вафот этган.
Эслатиб ўтамиз, Самарқанд вилояти Ургут туманидаги тўйхоналарнинг бирида 41 киши уй шароитида тайёрланган салатдан заҳарланганди.
Ҳозирда болалар саломатлиги шифокорлар томонидан қониқарли деб баҳоланмоқда. Бироқ уларнинг отаси, 53 ёшли Абдумавлон Раҳимовнинг аҳволи оғирлиги айтилмоқда.
Дурдона Ширинова
LiveБарчаси