Тожикистонда ҳам маска тақмаганлик учун жарима белгиланди
Олам
−
08 Июль 2020
6373Тожикистонда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар кучга кирди. Унга кўра, тиббий ниқоб тақмаганлик учун жарималар белгиланди.
Эндиликда тиббий ниқоб тақмаганлар 116 сомони (11,26 АҚШ доллари)дан 290 сомони (28,14 АҚШ доллари)гача жаримага тортилади. Шунингдек, ушбу тартиб юқумли касалликлар, жумладан коронавирус пандемия даврида бузилса, қамоқ жазосига ҳукм этишга сабаб бўлиши мумкин.
Қолаверса, мамлакатда ОАВ ва интернет орқали юқумли касалликлар ҳақида ёлғон маълумот тарқатганлик учун ҳам жавобгарлик оширилди. Унга кўра, ОАВ ва интернет орқали хавфли юқумли касалликлар, шу жумладан коронавирус ҳақида ёлғон маълумот тарқатганлик учун жисмоний шахслар учун 580 сомоний (56,28 АҚШ доллари)дан ва юридик шахслар учун 11 минг 600 сомоний (1125,52 АҚШ доллари)гача жарима солинади.
Парламентнинг юқори палатаси ушбу ўзгартишлар бугун, 8 июлдан эътиборан кучга кирганини ва пандемия муносабати билан шундай қарор қабул қилинганини маълум қилди.
Маълумот ўрнида, айни вақтда Тожикистонда коронавирусга чалинганлар 6 262 нафарни ташкил этмоқда. Улардан 53 нафари вафот этган, 4 914 киши соғайган.