Тожикистон вакили қирғиз-тожик чегарасида нега ўқ узганини тушунтирди
Олам
−
18 Декабрь 2021
5735Аввалроқ, қирғиз-тожик чегарасида қурол ишлатиш билан боғлиқ ҳодиса содир бўлгани ҳақида хабар бергандик. Тожикистон чегарачилари ҳавога ўқ узгани айтилганди.
Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Чегара қўшинлари ҳолатга изоҳ бериб, чегарачи қирғиз чегара ҳудудининг агрессив аҳолисини ҳавога ўқ узиш билан тўхтатганини маълум қилди. Бу ҳақда ТАСС Тожикистон Чегара қўшинлари баёнотига таяниб хабар берди.
Таъкидланишича, икки томон чегарачилари ҳодисани биргаликда текширишга келишиб олган.
Баёнотда айтилишича, жорий йилнинг 16 декабрь куни тожик-қирғиз чегарасида қирғизистонликлар ва тожик чегарачилари ўртасида можаро содир бўлган. Тожикистон чегара пости бошлиғи буни тўхтатиш учун ҳавога икки марта ўқ узган.
“Воқеа жойига етиб келган томонларнинг вакиллари воқеани биргаликда текширишга келишиб олдилар”, дейилади хабарда.
Матбуот маркази хабарига кўра, шу куни тожик чегарачилари Қирғизистон фуқаролари томонидан ноқонуний қурилиш фактини қайд этган. Бу масалани ҳал қилиш учун Тожикистон томони чегара пости бошлиғи қирғизистонлик ҳамкасби билан учрашган, бироқ Қирғизистон фуқаролари тожик чегарачиларига тош отишни бошлагани ва ҳужумга ўта бошлагани сабабли учрашув тўхтатилган. Маълумотларга кўра, оломонни тўхтатиш мақсадида Тожикистон чегара пости бошлиғи қонун ҳужжатларида белгиланган талабларга мувофиқ ҳавога икки марта огоҳлантирувчи ўқ узган.
Маълумот ўрнида, Қирғизистон ва Тожикистон чегараси вақти-вақти билан маҳаллий аҳоли ва икки давлат чегарачилари ўртасидаги тўқнашувлар ҳудудига айланиб бормоқда.
LiveБарчаси